БИЛИМГА ЧАНҚОҚ БУХОРО ЁШЛАРИ!

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбариятининг “2018 йилда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида Бухоро вилояти ёшлари билан учрашув ташкил этилди.

Унда федерациянинг ҳудудий     бирлашма раҳбарияти, туман (шаҳар) жамиятларида фаолият олиб бораётган ёшлар, таянч гуруҳлари раҳбарлари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди

Бухоро вилоятида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида бухоролик ёшлар томонидан кўплаб таклифлар билдирилди. Ҳозирги вақтда институт талабаси бўлган Дилшодбек, олий ўқув юртларида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича дарс соати қўшиш таклифини билдирди. Бу таклиф федерация раисига маъқул бўлди ва бу борада тегишли давлат ташкилотлари билан келишишини айтди. Ташаббускор ёшлардан бири Акмалжон туризм бўйича тадбиркорликни йўлга қўймоқчилигини, лекин банкдан кредит олишда кафил етишмаётганини айтди. Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов унга бу масалада федерация кафил бўлишини ва Акмалнинг туризм бўйича бошламоқчи бўлган ишида ўз кўмагини аямаслигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ҳозирда Бухоро давлат институти талабаси бўлган Сабоҳат Наимова, психология соҳаси бўйича кадрлар етишмаётгани, агар шу йўналишда ёшлар клуби очилса айни муддао бўлиши мумкинлигини айтди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Иномжон Тоғаев, бу борада, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Бухоро вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Бухоро шаҳрида “Ёш психологлар клуби”ни очиш бўйича келишув ўтказишини таъкидлади ҳамда бу клубнинг моддий-техник баъзаси федерация томонидан таъминланишини айтиб ўтди. Саиджон исмли талаба электрон дастурлаш бўйича таҳсил олишини, лекин ушбу йўналишга оид дарсликлар етишмаслигини айтиб, бу борада федерация раҳбариятидан кўмак сўради. Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов федерация маблағлари ҳисобидан Саиджонга электрон дастурлаш бўйича қўлланмалар ҳарид қилиб берадиган бўлди. Ҳуқуқ йўналишида таҳсил олувчи талабалардан бири Аслиддин Суяров, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман институти ташкил этиш таклифини билдирди. Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов бу борада ваколатли давлат органлари билан келишув ўтказишини айтиб ўтди. Шунингдек, учрашув давомида ўрта-махсус маълумотга эга бўлган Моҳина ишга жойлашолмаётганини айтиб мурожаат қилди ва у шу жойнинг ўзида федерациянинг Бухоро вилояти бирлашмасига ишга қабул қилинди.

Кўтаринки руҳда ўтган учрашувда бухоролик ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топиб, ечими топилмаётган муаммолари ҳал бўлганидан беҳад хурсанд бўлдилар.