Буюртма қайтадан тайёрлаб берилди

Тошкент шаҳар Олмазор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Юнусобод тумани, 6-мавзе, 43-уй 50-хонадонда яшовчи З.Ҳакимовдан оғзаки шикоят аризаси келиб тушган. Истеъмолчи ўз аризасида Олмазор тумани, “Жомий” бозорида жойлашган МДФ эшиклар дўконидан темир эшикка буюртма бергани, аммо 1 миллион 200 минг сўмлик буюртма ЯТТ С.С.Ҳасанов томонидан сифатсиз тайёрлаб етказиб берилганлигини маълум қилган. Ижрочи истеъмолчининг бу борадаги эътирозини ҳатто тинглашни ҳам хоҳламган.

Олмазор туман жамият ходимлари шикоят аризани ўрганиб чиқишганида ҳақиқатан ҳам эшик ўлчамига мос келмаганлиги, унга берилган ранги ҳам буюртмадагидек эмаслиги маълум бўлди. Тадбиркорга тушунтириш ишлари олиб борилгандан сўнг қисқа вақт ичида истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал қилиниб берилди.