ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ, КЕЙИНГИ БЕКАТ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан ташкил этилган “Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссия” республика кўрик-танловининг Фарғона вилоят босқичи ўтказилди. Туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган иштирокчилар танлов Низоми билан белгилаб берилган 3 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Баҳс қизғин ва муросасиз руҳда ўтди.

Таништирув шартида Ёзёвон туманининг “Ёзёвон” маҳалласи вакили Сирожиддинова Суйдихон энг юқори балл тўплаб олдинга чиқиб олди. Шунингдек, Бешариқ тумани “Навбаҳор” МФЙ вакили Шодмонов Шавкатжон ва Олтиариқ тумани “Дўстлик” МФЙ вакили Неъматов Файзуллолар ҳам мазкур шартда чиройли ва мазмунли чиқишлар билан кўпчиликнинг диққатини ўзларига тортдилар.

Ижодий топшириқ. Иштирокчи конвертлардан бирини танлаб, унинг ичига солиб қўйилган саволга белгиланган вақт ичида жавоб қайтариши керак. Мазкур шарт натижаларига кўра Бағдод тумани “Чексарой” МФЙ вакили Юнусалиева Мавжудахон улоқни илиб кетди. Берилган саволга қисқа, аниқ ва лўнда жавоб қайтариб, ҳакамлардан 9,9 балл олиб, ушбу шартда биринчиликни қайд этиб, умумий баллар ҳисобида Бешариқ тумани вакили билан биргаликда бир хил натижани қайд этган ҳолда биринчи ўринга чиқиб олди.

Саҳна кўриниши шартида Олтиариқликларга етадигани бўлмади, улар 10 имкониятдан 10 баллни қўлга киритдилар ва минимал фарқ билан Бағдодликларни ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиб олдилар.

Ниҳоят, иштирокчилар кўрик-танловнинг барча шартларидан ўтиб бўлди. Якуний натижаларига кўра биринчи ўринни Олтиариқ тумани “Дўстлик” МФЙ комиссияси вакили Неъматов Файзулло,  иккинчи ўринни Бағдод тумани “Чексарой” МФЙ комиссияси вакили Юнусалиева Мавжуда ва учинчи ўринни Бешариқ тумани “Навбаҳор” МФЙ комиссияси вакили Шодмонов Шавкатжонлар эгаллашди.

Шунингдек, “Ҳудудда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини таъминлашда энг фаол комиссия” номинацияси бўйича Марғилон шаҳри “Қиргули” МФЙ комиссияси вакили Розиқов Толибжон, “Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда энг яхши натижаларга эришган комиссия” номинацияси бўйича Ёзёвон тумани “Ёзёвон” МФЙ комиссияси вакили Сиржиддинова Суйдихон, “Ҳудудда коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши ишларида фаол комиссия” номинацияси бўйича Ўзбекистон тумани “Қораёзбобо” МФЙ комиссияси вакили Хатамқулов Муқимжонлар ғолиб бўлдилар.

Кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.