Елена Вольф: Стандартларни ишлаб чиқишда истеъмолчилар вакиллари қатнашиши шарт

Британия стандартлаштириш институтининг истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатлари масалалари бўйича ижрочи директори ЕленаВольф хоним билан суҳбат

– Вольф хоним, сиз бир хатингизда Британия стандартлаштириш институтини (БСИ) дунёдаги энг кўҳна стандартлаштириш ташкилоти эканини ва унинг кўплаб стандартлари халқаро стандартлар учун асос бўлиб хизмат қилганини айтган эдингиз. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Истеъмол маданияти” ҳафталик газетаси ўқувчиларига ўзингиз ишлаётган ташкилот ҳақида гапириб берсангиз…

– БСИни 1901 йили сэр Жон Вулф Барри ташкил қилган эди. У Лондон шаҳридаги Тауэр кўприги лойиҳасини ҳам чизган. БСИ дунёдаги илк Миллий стандартлар ташкилоти бўлган. Унинг дастлабки қўмитаси 1901 йил 22 январь – қиролича Виктория вафот этган куни илк марта йиғилиш ўтказди. Институт илк марта чоп қила бошлаган стандарт трамвай рельслари учун пўлат излар билан боғлиқ эди, бу ўша излар бир хил ўлчамда бўлишини таъминлади ҳамда трамвай рельсларини йиғиш жуда яхши самара бера бошлади. БСИ 1903 йил 12 июнда BSI Kitemark сифати белгисини рўйхатга олди. Аслида у Британия стандарт белгиси (British Standard Mark) сифатида маълум эди, кейинчалик Британиянинг энг муҳим ва энг таниқли стандартлаш белгиларидан бирига айланди.

БСИ – ўзига хос компания, унинг акциядорлари йўқ. Бунинг маъноси шуки, олинган фойда компанияга қайта инвестиция киритиш учун сарфланади. Буюк Британиядаги бундай ташкилотлар Қироллик ёрлиғига эга компаниялар мақомига эга.

Қироллик ёрлиқларининг тарихи XIII асрга бориб тақалади, уларнинг дастлабки мақсади давлат ёки хусусий компаниялар (жумладан, шаҳарчалар ва шаҳарлар) ташкил қилиш, уларга бериладиган имтиёзлар ва мақсадни аниқлаш бўлган. Бугунги кунда янги ёрлиқлар халқ манфаати учун ишлаётган идораларга берилиши белгилаб қўйилган. Бундай ташкилотлар сирасига ўз соҳасида устунлик, барқарорлик ва ўзгармаслик хусусиятларини намойиш қилаётган профессионал муассасалар ва жамғармалар киради. Масалан, Би-Би-Си ҳам Буюк Британиядаги обрўли университетлар сингари Қироллик ёрлиғига эга.

Гарчи мен яқинда БСИга ишга кирган бўлсам-да, Миллий стандартлар идораси маъсулиятига эга компанияда ишлаётганимдан фахрланаман. BSI Groupнинг маҳсулотлар сифатини текшириш, тасдиқлаш, сертификат бериш ва тренинглар ўтказиш билан шуғулланадиган кўплаб бўлимлари бор.

БСИ Буюк Британиянинг Миллий стандартлар идораси сифатида юксак обрўга эга ҳамда бир қанча минтақавий ва халқаро ташкилотларни бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO), Халқаро электротехника комиссияси (IEC), Европа стандартлаштириш қўмитаси (CEN) ва Электротехника соҳасида стандартлаштириш бўйича Европа қўмитаси (CENELEC) шундай ташкилотлардандир. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Миллий стандартлар идораси сифатида БСИнинг 340 нафар ходими, 11 800 нафар қўмита аъзоси бор, ҳар йили 2500 га яқин янги, 1500 та бекор қилинган стандартни чоп қилади. Ҳар йили БСИнинг 95 фоиз стандартлари халқаро ва Европа стандартлари сифатида қабул қилинади.

БСИ йиллар давомида ишлаб чиққан барча анъанавий стандартлари билан бир қаторда ташкилотларни яхшироқ бошқаришга, порахўрликка қарши курашда кўпроқ масъулиятни зиммага олиш, ташкилий бошқарув ва активларни бошқаришга кўмаклашиш мақсадида стандартларнинг янги авлодини ишлаб чиқишда ҳам етакчи роль ўйнади. Институт яна ақллли шаҳарлар, нанотехнологиялар, ҳужайралар терапияси, биноларнинг ахборот моделини яратиш сингари янги соҳаларда экспертлар – синчилар билан ҳамкорлик кучайтирмоқда.

Британия стандартлари халқаро миқёсдаги стандартлаштиришга илҳом бермоқда, дунёдаги жуда тез-тез қўлланадиган стандартлар, масалан, бошқарув тизимлари сифати бўйича ISO 9001 ва атроф муҳитни бошқариш стандартлари бўйича ISO 14001 дастлаб Британия стандартлари сифатида вужудга келган эди. Тадбирлар ўтказиш вақтида барқарорликни таъминлаш тизимлари бўйича BS 8901 стандартидан 2012 йилги Лондон олимпиадасида ва 2014 йили Глазго шаҳрида бўлиб ўтган Ҳамдўстлик ўйинларида фойдаланилди. Ушбу стандарт асосида ISO 20121 пайдо бўлди.

– Маълумки, стандартлаштириш хавфсизлик, яхши сифат ва товарлардан осон фойдаланишни назарда тутади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда стандартлаштириш қанчалик муҳим аҳамиятга эга?

– Қаёққа қараманг, стандартларни кўрасиз ва улар одамлар ҳаётига ҳар куни таъсир кўрсатади. Мобил телефонларимиз, кир ювиш машиналаримиз, минаётган машиналаримиз, фарзандларимиз ва невараларимиз ўйнайдиган ўйинчоқлар масхсус стандартлар асосида ишлаб чиқарилади. Ўша стандартлар улардан фойдаланишни осонлаштиради, нормал ва имкон қадар хавфсиз ишлашини кафолатлайди. Стандартлар фақат маҳсулотларга тегишли бўлмай, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, электр энергияси таъминотчилари, банк хизматлари ва суғуртани, шунинг баробарида ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш, ахборот таъминоти, мижозларга хизмат кўрсатиш, шикоятларни кўриб чиқиш ва биллингни ўз ичига олади. Яна ижтимоий жавобгарлик, тадбирларни барқарор равишда бошқариш сингари масалаларни ҳал этишнинг ҳам ўзига яраша стандартлари бор; яна ижтимоий бинолардан фойдаланиш сингари муҳим соҳанинг ҳам стандартлари бор.

Буюк Британиянинг Миллий стандартлар идораси стандартларни “товар қандай бўлиши зарур”лигида кўради. Шуни алоҳида эслатиб ўтмоқчиманки, “стандартлар стандарти” сифатида машҳур BS0 стандарти талабига кўра, стандартларни ишлаб чиқишда барча манфаатдор томонлар иштирок этиши, истеъмолчилар эса бу жараёнда муҳим роль ўйнаши керак.

Стандартлар кўпчиликнинг меҳнати натижасида юзага келади. Уларни ишлаб чиқишда манфаатдор томонлар гуруҳи, жумладан, истеъмолчилар вакиллари иштирок этади, уларнинг стандарт мазмунидан кўнгли тўлиши, қарор эса муроса йўли билани қабул қилиниши керак. Бу ишга истеъмолчиларнинг бош қўшиши стандартлар реал одамлар дуч келаётган реал муаммолар ҳал этилишини таъминлайди. Стандартларни ҳаётга татбиқ қилиш ва қонунчилик билан солиштирганда тез-тез янгилаб туриш мумкин, шу тариқа улар вужудга келаётган тамойиллар ва янги технологияларга тезроқ жавоб бериш имконини беради. Стандартлар саноатни зарур мезонлар билан таъминлайди, барча компанияларга шуларга муносиб бўлишга интилади.

Модомики, стандартлар реал таъсир кучига эга экан, маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланадиган аҳоли – истеъмолчилар уларни ишлаб чиқишда ёрдам бериши муҳим аҳамиятга моликдир. Шу сабабли БСИ кўп йиллардан бери Истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатлари тармоғини (Consumer & Public Interest Network – CPIN) ташкил қилиб, дастаклаб келади. CPIN истеъмолчиларнинг қарашларига асосланади ва янги стандартлар уларнинг фойдасига хизмат қилишини таъминлайди. Истеъмолчилар вакиллари стандартларни ишлаб чиқиш қўмитасида ишлайди ҳамда тез-тез, истеъмолчилар манфаатига хизмат қиладиган янги стандартлар таклиф қилади. CPIN аъзолари БСИда асосий масалалар ҳал этишнинг сўнгги босқичида ҳам иштирок этади. Истеъмолчилар вакиллари фаолиятини ўзи ҳам талабгор – кўнгилли бўлган истеъмолчилар ишини мувофиқлаштирувчилар ташкил қилиб, йўналтириб туради. Албатта, CPIN барча стандартларни ишлаб чиқишда қатнаша олмайди, чунки БСИ ҳар йили 2500 га яқин стандартни эълон қилади. Шунинг учун ушбу тармоқ фақат БМ истеъмолчилари учун энг муҳим соҳаларга эътибор қаратади.

Жорий йилда энг муҳим соҳаларга феъл-атвор билан боғлиқ муаммолар, болалар манфаатлари, рақамлашув ва махфийлик, соғлиқни сақлаш, инклюзивлик – ҳамма нарсани қамраб олиш, маҳсулотлар хавфсизлиги, хизматлар ва барқарорлик киради.

– Истеъмолчилар ташкилотчилари мавжуд халқаро ва миллий стандартларга риоя этилишини мониторинг қилибгина қолмасдан уларни ишлаб чиқиш жараёнида қандай иштирок этиши мумкин? Бизга ННТ, қонун чиқарувчилар ва ҳукумат ўртасида ҳамкорликни институционаллаш1 борасидаги Британия тажрибаси хусусида сўзлаб берсангиз.

– Бу саволингизга юқорида қисман жавоб бердим. БСИ CPIN фаолиятини мувофиқлаштириш баробарида Истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатлари форуми билан ҳам иш олиб боради. У CPIN, истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва шахсларни ўз ичига олади ҳамда стандартларни ишлаб чиқиш бўйича тегишли ахборотни алмашиб, БСИнинг стандартлар қўмитаси фаолиятида иштирок этишни рағбатлантиради. CPIN раиси Британиянинг Фуқароларга консультация бериш тармоғи (Citizens Advice), Миллий истеъмолчилар федерацияси (National Consumer Federation), Омбудсмен ассоциацияси (Ombudsman Association), Электр хавфсизлиги муҳимлиги ва электр қувватини тежаш трести (Electrical Safety First and the Energy Saving Trust), БСИнинг Истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатлари бўйича стратегик маслаҳатлашув қўмитаси (Consumer and Public Interest Strategic Advisory Committee) сингари истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатлариташкилотлари билан бирга CPINнинг Истеъмолчилар вакиллари фаолиятини кенг миқёсдаги устувор йўналишларини белгилаб олишда йўналтириб туради. Бу стандартлар стратегиясини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Стандартлар сиёсати ва стратегия масалалари бўйича қўмитасида истеъмолчилар вакиллари фикрини ўрганиш орқали БСИни бошқаришга ҳам тааллуқли.

Хабарингиз бор, стандартларни стандартлар бўйича қўмиталар ишлаб чиқади. Ушбу қўмиталар ишида қатнашадиган истеъмолчилар вакилларини истеъмолчиларнинг, жумладан, ёрдамга муҳтож истеъмолчиларнинг этиёжларига оид фикр-мулоҳозаларини тақдим этишга ўргатади. Шу билан бирга вакиллар маълумотлар ва улар махфийлигини сақлаш, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, барқарорлик, хизматлар ва махсус имкониятлар каби масалаларни муҳокама қилиши мумкин. Мен вакиласи бўлишдан фахрланаётган Истеъмолчилар ва жамоатчилик манфаатлари тармоғи гуруҳи стандартларни ишлаб чиқиш бўйича тегишли қўмиталарда истеъмолчилар овози эшитилиб туришини таъминлашни мақсад қилиб олган. Истеъмолчилар фикрлари ҳисобга олинишини ҳукумат қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга. Буюк Британиянинг Бизнес, инновация ва кўникмалар вазирлиги CPISAC фаолиятида қатнашади ва CPI Forum мажлисларида доимий тарзда иштирок этади.

БСИнинг CPIN вакиллари миллий қўмиталарда стандартларни ишлаб чиқиш бўйича фикрларни шакллантиришда қатнашади. Ушбу фикрларни кейинчалик тегишли Европа қўмиталари ёки халқаро қўмиталар олади. Бу манфаатдор томонларнинг стандартларни қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатишининг энг самарали йўлидир. Шундан сўнг миллий делегациялар Европа ва халқаро стандартларни қабул қилиш учун сўнгги овозни беради. Миллий қўмиталар вакилларининг ишини бошқа ташкилотлар тўлдиради. Европа стандартларини ишлаб чиқишда ANEC, халқаро стандартларни ишлаб чиқишда эса ISO COPOLCO2 айни шу вазифани бажаради. БСИнинг CPIN ташкилоти ушбу идоралар билан ҳамкорлик қилар экан, бутун дунёда истеъмолчиларнинг стандартларни қабул қилишда иштирокини оширишга интилади.

–Британия стандартлаштириш институтининг халқаро лойиҳалар департаменти дунёнинг турли мамлакатларидаги шериклари билан ҳамкорлик қилаётгани ва улар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганидан хабаримиз бор. БСИ МДҲ мамлакатлари билан ҳам ҳамкорлик қиляптими?

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси чет эллик шериклар билан ҳамкорлик жуғрофиясини кенгайтирмоқда. БСИ билан федерация ўртасида икки томонлама ва ҳомийлар маблағ ажратадиган кўп томонлама лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари ва соҳалари хусусида фикрингизни билмоқчи эдик.

– БСИнинг халқаро лойиҳалар жамоаси стандартларга тегишли турли соҳаларда бир қанча лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Булар сирасига миллий стандарт идораларининг институционал потенциалини мустаҳкамлаш, бозорларни кузатиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, метрология соҳаларида Европа комиссияси, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки сингари халқаро ҳомий ташкилотларнинг молиявий кўмагига техник ёрдам кўрсатиш киради. Шу сабабли БСИнинг янги халқаро лойиҳалари бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун ташқи маблағларни излаб топишга боғлиқ. Маблағ бўлса, БСИ ходимлари халқаро шериклар билан бундай лойиҳаларни ишлаб чиқиш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Сизга тилга олган собиқ Совет мамлакатлари билан амалга оширилган олдинги лойиҳалар талайгина. Шулардан бир-иккитасини санаб ўтмоқчиман:

2007-2009 йилларда “Ўзстандарт” агентлиги билан халқаро талабларга мос равишда сертификатлаш ва аккредитациялаш бўйича лойиҳа амалдга оширилди.

Ўзбекистон БСИ шериклик қилган 3 та минтақавий лойиҳада ҳам иштирок этди:

 энергетика хавфсизлиги бўйича INOGATE лойиҳаси;

 нефть ва газ саноатида экологияга оид қонунчиликни такомиллаштириш (2009-2010);

 электр соҳасидаги стандартларни уйғунлаштириш – ушбу лойиҳа 2009-2011 йилларда МДҲга аъзо 11 та мамлакат (Россия билан Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари) иштирок этди.

БСИнинг халқаро лойиҳалар гуруҳи яқинда Осиё тараққиёт банкининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича CAREC лойиҳасида иштирок этиши ҳуқуқинини қўлга киритди, унда 11 та мамлакат: Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Хитой, Афғонистон, Покистон, Грузия ва Озарбайжон қатнашмоқда.

Фахриддин Низомов суҳбатлашди.

1 Институционаллаш (ингл. institutionalization бирор ижтимоий ҳодиса ёки ҳаракатни ташкилий муассасага, муайян муносабатлар структураси, турли даражадаги ҳокимият иерархияси ва ташкилот белгилари бор тартибли жараёнга айлантириш.
2 ISO COPOLCO – Халқаро Стандартлаш ташкилотининг Истеъмол сиёсати бўйича қўмитаси.