ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС ЁШЛАР

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбариятининг вилоятлар бўйлаб хизмат сафари давомида Қашқадарё вилоят ҳудудий бирлашмаси иштирокида вилоят туман (шаҳар)       жамиятлари фаол ёшлари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда федерациянинг ҳудудий бирлашма раҳбарияти, туман (шаҳар) жамиятларида фаолият олиб бораётган ёшлар, таянч гуруҳлари раҳбарлари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов кириш сўзи билан очиб бериб, ёшлар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини оширишга доир маърифий ишларни олиб бориш, бу борада давлат бошқаруви, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, назорат қилувчи органлар, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда тарғибот тадбирларини ташкил этиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилаётганлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, федерация раиси “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг ҳам 5-йўналиши, яьни ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича алоҳида устувор вазифалар белгилаб олингани ва бу борада ёшлар фаоллигини ошириш масаласини таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув қизғин саволларга бой бўлди. Ёшларни қизиқтирган саволларга федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов жавоб берар экан, ёшларининг кўзларида эртанги кунга бўлган улкан ишонч мужассам эканини таъкидлаб, уларнинг барча таклифларини қўллаб-қувватлаб, бу борада зарур ёрдамларни аямаслигини айтди.

Йиғилишда иштирок етаётган Нишон туманида яшовчи Гулматов Умидбек коллежда таҳсил олганлиги ва бугунги кунда ишга жойлашолмаётгани борасидаги мурожаати раҳбарлар томонидан тингланди ва Умидбек Нишон туман истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ишга қабул қилиниб, мурожаати ижобий ҳал этилди.

Нишон туманида истиқомат қилувчи Дониев Аброр ва Чироқчи туманида яшовчи Нурмухаммедова Шохсанамларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида эканлиги ва тикув цехи очишда моддий кўмак лозимлиги инобатга олиниб, федерация маблағларидан уларга 1 донадан тикув машинаси совға қилинадиган бўлди.

Яккабоғ туманида яшовчи Чаманов Улуғбекнинг тумандаги 79-сонли мактабда ёшларнинг шуғулланиши учун спорт зали ва спорт анжомлари йўқлиги ҳақида мурожаати тингланиб, федерация ҳисобидан мазкур мактабга 4 миллион сўмлик спорт анжомлари олиб бериладиган бўлди. Фуқаронинг иссиқхона ташкил қилиш борасидаги фикр мулоҳазалари тингланиб, унинг ташаббуси раҳбарлар томонидан мақулланди ва иссиқхона қуриш учун туман ҳудудидан ер ажратиш борасида амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Косон туманида яшовчи Бўриева Гулбодомга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 10 гектар ер ажратиб бериш масаласи туман ҳокимлиги билан келишган ҳолда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Тадбирда федерация раиси ёшлардаги шижоат ва ертанги кунга бўлган ишончни кўриб бугунги кунда федерация қошида ташкил этилган Қашқадарё вилояти Қамаши туманида ечкичиликка мўлжалланган “HISOR PROTEСT CONSUMERS” МЧЖ, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги қуёнчиликка мўлжалланган “PROTECT CONSUMERS” МЧЖ ҳамда Сурхондарё вилоятида чорвачиликка мўлжалланган “SURXON PROTECT CONSUMERS” МЧЖларига кўплаб ёшлар ишга олинаётгани ҳусусида сўз юритилиб, эришилаётган ютуқлар мисол сифатида келтирилиб ўтилди.

Чироқчи туманида яшовчи Муродова Ирода туманда қўшимча таълим олиш учун ўқув курслари фаолияти яхши йўлга қўйилмаётганини айтиб бу борада кўмак сўради. Мазкур саволга вилоят Ёшлар иттифоқи ходимлари жавоб бериб, шу йилнинг 1 мартидан бошлаб вилоят туман ва шаҳарлари кесимда ўқув курслари ташкил этилишини ва фаолият узлуксиз давом этишини билдириб ўтишди. Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов Ироданинг фаоллигини инобатга олиб, уни туман жамиятига ишга қабул қилиш таклифини берди. Таклиф Ирода ва учрашувда йиғилганларга жуда манзур бўлди. Энди Ирода федерациянинг Чироқчи жамиятида иш бошлайди.

Тадбирда Қарши туманида яшовчи Умиров Улуғбек ҳам сўз олиб, бугунги кунда тадбиркор сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйиб, мармар ва эшик ром ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлиги, бу борада ютуқларга эришаётганини мисол қилиб, бўш вақтида япон тилини ўрганаётганини, келгусида Японияда ўқиш истаги борлигини билдирди. Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов Улуғбекнинг замон билан ҳамнафаслигини, ундаги шижоатни кўриб, келгусида унинг Японияда ўқиш имкониятини қўлга киритса, таълим олиши учун йўл харажатларини федерация ҳисобидан тўлаб беришни ваъда қилди.

Учрашувда иштирок этган чироқчилик Муқимов Нодир қуёнчилик билан шуғулланиш истаги борлигини, иш бошлаш учун кредит масаласида муаммоларга дуч келаётгани тўғрисидаги мурожаати тингланиб, унга федерация раҳбарияти Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги қуёнчиликка мўлжалланган “PROTECT CONSUMERS” МЧЖдаги зотдор қуёнлардан 2 дона зотли қуён совға қиладиган бўлди.

Тадбирда фаол иштирок этган Китоб туман Ободонлаштириш бошқармаси назоратчиси Рўзиев Мирзақул акага федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Учрашув сўнггида федерациянинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбарияти билан ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш юзасидан келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.