Ижтимоий ҳамкорлик тамойили асосида

    Дунёда ўхшаши йўқ, ноёб институт — маҳалла истиқлол йилларида халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айландики, бугун фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қилишдан барча ташкилотлар бирдай манфаатдор бўлмоқда.

    Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам ўзининг қонуний асослари ва ҳуқуқий ваколатларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш мақсадида қатор ташкилотлар билан ижтимоий шериклик асосида фаолият юритмоқда.

    Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан муносабатларини такомиллаштириш, уларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ қатор ҳуқуқий меъёрлар ўз ифодасини топган.

    2017 йил 14 ноябрь куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгашида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси билан ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси мутасаддилари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Имзоланган Меморандум ҳар икки тизим ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиянинг Намунавий низоми тасдиқланди.

    Унга кўра, комиссиянинг асосий мақсади сифатида фуқаролар йиғини ҳудудида қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун кенг жамоатчиликни жалб этиш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир ишларни фаоллаштиришга кўмаклашишдан иборат.

    Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерецияси ҳамкорликда қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳолини хабардор қилиш, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда.

    Шу нуқтаи назардан ўзаро ҳамкорликни белгилаш меморандуми ҳам фуқаролар йиғинининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатишнинг янги босқичларига ўтишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатишга қаратиган чора-тадбирларни биргаликда амалга оширишни кўзда тутади.