ИСТЕЪМОЛЧИ ЎЗ МИННАТДОРЛИГИНИ ИЗҲОР ҚИЛДИ

Жарқўрғон тумани, “Матонат” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Х.Эшнаев куни-кеча Сурхондарё вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилди. Аризада келтирилишича, истеъмолчи Жарқўрғон деҳқон бозори ҳудудида жойлашган, савдо дўконларнинг биридан “Меркурий” русумли электр ҳисоблагич сотиб олган. Бироқ, қурилманинг сертификатидаги рақами нотўғрилиги ҳамда ҳисоблагич носоз эканлигини билгач, бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиб, бошқасига алмаштириб беришни сўраган. Бироқ сотувчидан рад жавобини олган. Ушбу мурожаат Жарқўрғон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиб, фуқарога 230 минг сўмлик янги “Энергомер” русумли электр ҳисоблагич олиб берилди. Истеъмолчи эса жамият ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.