ИСТЕЪМОЛ МАДАНИЯТИНИНГ ЮҚОРИЛИГИ ЖАМИЯТ РИВОЖИНИНГ ОМИЛИДИР

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантириш орқали аҳолининг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон соғлиги ва ҳаёти учун хавф туғдирувчи сифатсиз товар ва хизматларнинг ички истеъмол бозорида сотилишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи)лар масъулиятини ошириш борасида жамоатчилик назоратини таъминлаш ишларини фаоллаштириш, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги комиссиялар вакиллари ва аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан ташкил этилган “Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссияси” Республика кўрик-танловининг туман босқичлари давом этмоқда.

Юқори Чирчиқ туманИдаги 24-сонли мусиқа ва санъат мактабида кўрик-танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди. Кўрик-танловда “Маърифат”, “Гулобод”, “Жумабозор”, “Янгиобод”, “Навбаҳор” ва “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари 3 та шарт бўйича беллашдилар.

Қизғин бахсларга бой бўлган кўрик-танловда “Навбаҳор” МФЙнинг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.