Истеъмол маданиятини оширишда ОАВнинг ўрни

        Бугун, 2018 йил 21 февраль куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида вилоят ҳудудий бирлашмалари матбуот ва ахборот сектори раҳбар (масъул ходим)ларига бир кунлик маҳорат машғулоти ўтказилди. Маҳорат машғулотида федерациянинг 14 та ҳудудий бирлашмасида фаолият юритаётган матбуот ходимлари иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳудудий бирлашмалар матбуот ва ахборот сектори ходимларига “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида жамоатчилик ташкилотлари учун белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жамиятда жамоатчилик ташкилотларининг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича нималар қилиш кераклиги ҳақида аниқ ва манзилли тавсиялар берди.

Сўнгра иштирокчиларга устоз журналист Қобилбек Каримбеков ва таниқли нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда Республика “Маҳалла” хайрия фонди матбуот хизмати раҳбари Лазизбек Раҳматовлар бугунги халқаро майдондаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлар ҳамда касбий фаолиятда нутқ маданияти, мулоқот санъатининг сир-асрорлари борасида атрофлича маълумотлар беришди.

Федерациянинг Матбуот, ахборот, жамоатчилик билан ишлаш ва хорижий алоқалар бўлими ҳамда вилоят ҳудудий бирлашмалари матбуот ва ахборот секторлари ходимлари жамиятимизда истеъмол маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, муаммолари ижобий ҳал этилаётган истеъмолчилар ҳақида батафсил маълумотлар бериб боришга келишиб олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мамлакатимизда федерация томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг истеъмол маданиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу каби маълумотларни аҳолига етказишда тизимда фаолият кўрсатаётган федерация тизимидаги матбуот ва ахборот сектори ходимларининг ўрни катта.