Йогурт ва қатиқ сотиб олгандим…

    Савол:

    Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат  дўконидан   йогурт ва қатиқ  сотиб олгандим.  Уйга келиб  уни  очиб  кўрганимда  таъми  бузилгани, нохуш ҳид чиқараётгани маълум  бўлди. Уни дўконга олиб  боргандим  сотувчи  дарғазаб бўлиб, уни алмаштириб бера олмаслигини,  бошқалари ҳам  шу аҳволда  эканлигини айтди. Буни  эшитиб саросимага тушдим, чунки  бу маҳсулотларни бошқалар ҳам сотиб олган бўлишлари мумкин-ку. Шу боис маҳсулотларни  туман санитария-эпидемиология  назорати марказига олиб бордим. Марказ ходимлари  унинг таркиби  бузилганлиги, инсон ҳаётига хавфли эканлигини айтишди. Бу  ҳолатда сотувчига  жавобгарлик борми?

    Жамила Тошева,

    Янгийўл тумани.


     Жавоб:

    —  Дўконларда гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бискивит тортлар, пирожное  ва бошқалар), ярим  тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва  бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишда фақат  совутиладиган пештахталар, витриналардан фойдаланишга рухсат берилади. Маҳсулотни меъёрида сақлаш ва  унинг яроқлилик муддатини мунтазам  назорат қилиб  бориш сотувчининг  вазифасига киради. Сифатсиз ва инсон ҳаётига  хавф  туғдирувчи товарларни кўр-кўрона сотувга чиқарган, унинг яроқлилик муддатини назорат қилмаган савдо ходимларига қоидабузарликка йўл  қўйганлиги учун жавобгарлик белгиланган.

    Ҳуқуқий ҳимоя бўлим бошлиғи

    Б. Исмоилов