Кенгаш йиғилиши йил якунларига бағишланди

 

2018 йил 19 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳукқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2017 йилги фаолияти якунлари ва 2018 йилги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Халқ билан мулоқот ва ­инсон манфаатлари йили” дастури ва Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқиб, Федерацияда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди.

Айни режага кўра, ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги Федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро аппаратлари раисларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.

Федерация марказий аппарати ва унинг таркибига кирувчи ҳудудий бирлашмалар, туман (шаҳар) жамиятлари раҳбарияти йил давомида жойларга чиқиб, аҳоли билан 10309 та мулоқот ўтказди. 231 нафар эҳтиёжманд фуқаро ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 54 511 688 сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

2017 йил бошида ташкил қилинган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарига ҳисобот даврида 5182 та мурожаат келиб тушди. 4054 та мурожаат эгасига қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқлари тушунтирилди. 637 та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 129 та мурожаат юзасидан эса суд органларига мурожаат қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

2017 йилнинг 12 ойи давомида федерация, унинг ҳудудий тузилмалари ва туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 14 127 та (7 947 та (56,3фоиз) ёзма, 6 064 та (42,9 фоиз) оғзаки) ҳамда Федерациянинг виртуал қабулхонаси ва ягона давлат интерактив порталига 116 та (0,8 фоиз) электрон мурожаат (ариза, таклиф ва шикоят) келиб тушди.

Жумладан, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг катта қисми табиий газ таъминоти (4 389 та – 31,1 фоиз), савдо (3 320 та – 23,5 фоиз), электр таъминоти (2 201 та – 15,6 фоиз), коммунал хизмат кўрсатиш (742 та – 5,3 фоиз), сув таъминоти (506 та – 3,6 фоиз), транспорт (273 та – 1,9 фоиз), алоқа (317 та – 2,2 фоиз), соғлиқни сақлаш (264 та – 1,9 фоиз) ва бошқа соҳаларга 2 115 та (15,0 фоиз) тааллуқлидир.

Қайд этиш жоизки, ушбу ариза ва шикоятлар сони 2016 йил билан солиштирганда, 4 219 тага кўпдир, бу истеъмолчиларнинг федерация ва унинг тузилмаларига ишончи ортиб бораётганини кўрсатади. Истеъмолчиларга мурожаат қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган 1091 ишонч телефони орқали тушаётган мурожаатлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Зикр этилган ариза ва шикоятларнинг 12 976 таси, яъни 91,9 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами
4 миллиард 397 миллион 410 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Бундан ташқари, Федерациянинг туман (шаҳар) жамиятлари истеъмолчилардан тушган жами 393 та мурожаатни (ариза, таклиф ва шикоят) улар манфаатини кўзлаб, назорат органларига ўтказди Улар ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 145 547,5 минг сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

2017 йил 14 ноябрь куни федерация билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмол маданиятини ошириш бўйича аниқ чора тадбирларни белгилаб олинди. 

Федерация истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш юзасидан турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.  Бунга Ўзбекистон Республикаси бош порокуратураси, “Ўзстандарт” агентлиги, қатор вазирликлар, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан бирга амалга оширалаётган ишларни мисол қилиб келтириш мумкин.

2017 йил 26 сентябрида федерация билан “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Федерация тизимида ёшлар билан ишлаш йўналишини тубдан яхшилаш, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган, юксак салоҳият ва иқтидорга  эга ёшларни қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.   Шу мақсадда унинг марказий аппарати ва ҳудудий бирлашмаларида ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинди ва ушбу лавозимларга иқтидорли ёшлар тайинланди.

Федерацияда ҳалқаро алоқаларни кенгайтириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. 2017 йил 9 февраль куни раҳбарият Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди эксперти Тео Хензельс билан учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Унда федерация ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш” лойиҳасида федерация ходимлари фаол иштирок этаётгани таъкидланди.

2017 йил бошида  Consumers International – Халқаро истеъмолчилар ташкилотига аъзо бўлиш учун барча ҳужжатлар тайёрланиб, инглиз тилига таржима қилиниб, тақдим этилди. Айни пайтда ташкилот раҳбарияти билан аъзолик масаласини кўриб чиқиш учун музокара ўтказилмоқда. Яна 2017 йили Consumers International бош директори Аманда Лонг хоним билан интервью ташкил қилиниб, “Истеъмол маданияти” газетасида чоп этилди.

Худди шундай суҳбатларни Британия стандартлаштириш институти ходими Елена Вульф, Ҳиндистон ва Озарбайжон истеъмолчилар ташкилотлари раҳбарлари билан уюштириш режалаштирилмоқда.

Ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида дунёнинг бошқа мамлакатларидаги истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳам ёзишмалар олиб борилмоқда.

2017 йил октябрь ойида федерация делегацияси ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш мақсадида Туркия истеъмолчилар ҳуқуқлари ассаоциацияси таклифига биноан Анқара ва Истанбул шаҳарларига сафар қилди. Ушба ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Алоқаларни кенгайтиришнинг яна бир муҳим йўналиши федерация тизимидаги ҳудудий бирлашмалар ва жамиятлар ходимлари малакасини ошириш учун турли семинарлар ва бошқа ўқув дастурларини амалга оширишдир. Зикр этилган истеъмолчилар ташкилотлари ва Consumers International мутахассисларининг бундай ўқув тадбирлари ташкил этиладиган бўлса, келиб қатнашиш учун дастлабки розилиги олинди.

Ҳисобот даврида федерация марказий ижро этувчи аппарат ҳузурида 3 та тадбиркорлик тузилмаси: “HISOR PROTECT CONSUMERS” МЧЖ, “SURXON PROTECT CONSUMERS” МЧЖ ва “BO‘STONLIQ PROTECT CONSUMERS” МЧЖ ташкил этилиб, 20 та иш ўрни яратилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда яна бир қатор масалалар муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли вазифалар белгиланиб, қарорлар қабул қилинди.

Улар сирасига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишда иштирок этиш, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва техникаларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури амалга оширилишида фаол иштирок этиш сингари қатор вазифалар киради.

 

 

 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

 (Қисқача маълумот)

 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2002 йили ташкил этилган бўлиб, мамлакатда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ягона нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Федерация таркибига 14 та минтақавий бирлашма, 193 та туман (шаҳар) жамияти, 4986 та таянч гуруҳи киради. Айни пайтда федерациянинг 600 мингга яқин аъзоси бор.

Аъзолик бадалларидан тушган маблағлар федерация, унинг таркибий тузилмалари фаолиятини молиялаштириш манбасидир.

Федерациянинг асосий фазифалари:

  • истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бу ишга ҳимоясига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш;
  • инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид қилиши мумкин бўлган паст сифатли товарларни (хизматларни) ички бозорга киритмаслик борасида жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш.