Матбуот анжумани ўтказилди

    2017 йил 13 март куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, фуқаролар ҳуқуқ ва экинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишида жамоат ташкилотларини ўрни” мавзусида матбуот конференцияси ўтказди.

    Федерация раиси ўринбосари Нодирбек Юсуповнинг қайд этишича, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида аҳоли (фуқаролар) билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқотни ташкил этиш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.

    “Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари (ҳуқуқий ҳимоя бўлими, секторлар ва жамиятлар) негизида  “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди”, – дея таъкидлади Н.Юсупов.

    Жорий йилнинг ўтган даврида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари республикамизнинг энг чекка ҳудудларида, корхона, ташкилот, муассаса ва маҳаллаларда аҳоли (фуқаролар) билан 278 та мулоқот ташкил этди. Мазкур мулоқотларда газ таъминоти, ичимлик  суви, электр энергияси, иссиқлик манбаи, савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш ва жамоат транспорти соҳалари бўйича камчилик ва муаммолар юзасидан  аҳолидан тушаётган мурожаатларга ижобий ечим топишга эришилмоқда, мутахассислар уларни қизиқтираётган саволларга жавоб бермоқда.

    Шунингдек, Федерациянинг www.istemol.uz  веб-сайти орқали ариза, таклиф ва шикоятларни электрон (онлайн) тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди. Жорий йил бошидан бери ушбу виртуал қабулхонага истеъмолчилардан 65 та мурожаат келиб тушиб, улар ўз вақтида ечимини топди. Бундан ташқари, Федерация тизимида фуқароларнинг мурожаатлари ягона 1091 ишонч телефони орқали ҳам қабул қилинмоқда.

    Қайд этилишича, 2016 йилда Федерация, унинг ҳудудий тузилмалари ва туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 9 908 та (6 407 та – 64,7 фоиз) ёзма, 3 501 та – 35,3 фоиз) оғзаки, ишонч телефони ва электрон (онлайн) ариза (таклиф ва шикоят) келиб тушди.

    Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур ариза ва шикоятларнинг 9 222 таси,  яъни, 93,1 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами 3 860 414,8 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

    Истеъмол маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бу борада Федерация амалга ошираётган ишлар хусусида радио ва ТВ орқали кўплаб эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрланмоқда, матбуот ва интернет нашрларида мақолалар чоп этилмоқда.

    Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Федерация муассислигида “Истеъмол маданияти” газетаси чоп этила бошлади. Унинг ада бугунги кунда 6000 нусхадан ошиб кетди.

    Маълумки, 15 март бутун дунёда – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида, жорий йилда ушбу кун “Рақамли асрда истеъмолчилар ҳуқуқлари” шиори остида нишонланмоқда, бугунги матбуот ушбу  истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни кунига бағишланади. Бугунги кунда республикамизнинг барча гўшаларида мазкур санага атаб қизиқарли учрашувлар ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, ёшлар ўртасида “Мен ёш истеъмолчиман” деган мавзуда кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.

    Федерация ва унинг тизимига кирувчи ҳудудий бирлашмалар ва туман (шаҳар) жамиятлари фаолиятини замонавий талаблар асосида самарали ташкил этиш кўп жиҳатдан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро тажрибани пухта ўрганишни ҳам тақозо қилади. Шу мақсадда Федерация делегацияси 2016 йилда Ҳиндистон Истеъмолчилар ассоциацияси ва Озарбайжон Мустақил мустақил истеъмолчилар уюшмаси таклифига биноан ушбу мамлакатларга сафар қилиб, улар билан ўзаро англашув меморандумлари имзолади ва уларда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди.

    Матбуот анжуманида Федерация фаолиятига оид бошқа кўплаб мавзуларда ҳам савол-жавоблар бўлди.

     Федерация Матбуот ва ахборот бўлими