Матбуот анжумани ўтказилди

    2016 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2016 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширган фаолият якунларига бағишлаб, “Аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтиришда Давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги” деб номланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Қайд этилишича, ҳисобот даврида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 7641 та (4923 та (64,4 фоиз) ёзма, 2718 та (35,6 фоиз) оғзаки, ишонч телефони ва электрон (онлайн) ариза (таклиф ва шикоят) келиб тушди.

    Алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу шикоят ва аризаларнинг 7078 таси, яъни 92,6 фоизи ижобий ҳал этилди ва етказилган қарийб 2 862 710,1 минг сўмлик зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

    Ариза ва мурожаатларнинг асосий қисми табиий газ (29,5 фоиз) ва савдо соҳасида (22,4 фоиз), электр энергия таъминоти (14,9 фоиз) шунингдек, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келди.

    Қайд этиш жоизки, Федерация истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида тегишли вазирлик ва назорат қилувчи органлар билан бирга уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ҳам тегишли дастурлар ишлаб чиқиб, амалга ошириб келмоқда.

    Федерация ва қуйи тузилмалари қонунлар тарғиботи, истеъмолчилар, фуқаролар мурожаатлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пластик карточкалар ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб сингари мавзуларга бағишланган ўқув семинарлари ва давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда.

    Ташкил этилаётган маърифий тадбирлар таъсирчанлигини янада ошириш мақсадида “Юксак истеъмол маданияти сари” шиори остида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Электр энергияси таъминотида: истеъмолчи ҳамда таъминотчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Темир йўл транспортидан фойдаланишда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари” мавзуларидаги тарғибот восита (плакат)лари Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан нашр этилди.

    Истеъмолчиларнинг истеъмол маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бу борада Федерация амалга ошираётган ишларни тарғиб қилиш мақсадида ОАВ билан қалин ҳамкорлик ўрнатилган. Бунга турли радио ва телеканаллар билан ҳамкорликда кўплаб эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлангани, марказий ва маҳаллий матбуот ва интернет нашрларида мақолалар чоп этилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан ташқари, миллий телерадиокомпаниянинг Тошкент телеканали билан ҳамкорликда “Сифат назорати” кўрсатуви тайёрланиб, эфирга узатилмоқда. Федерация ва ҳудудий тузилмалари фаолияти унинг www.istemol.uz сайтида ҳам мунтазам ёритиб борилмоқда.

    Фуқаро (истеъмолчи)ларнинг мурожаатларини қабул қилишни самарали ташкил этиш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Истеъмолчилар томонидан ариза, таклиф ва шикоятлар Федерациянинг интернет тармоғидаги расмий www.istemol.uz  веб-сайти орқали электрон (онлайн) қабул қилинмоқда.

    Мурожаатни тўғридан-тўғри веб-саҳифа ёки Федерация тизимида ягона “1091” ишонч телефони орқали йўллаш имконияти мавжуд. Бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатлари тезкор қабул қилиниб, ижро учун Федерациянинг ҳудудий бирлашмалари ва тегишли назорат қилувчи органларга юборилмоқда, истеъмолчиларга, амалдаги қонунчиликка асосан, ваколат доирасида тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда.

    Ҳисобот даврида тегишли қонун ва қарорларга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Республика ҳудудида фаолият юритаётган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан аҳолига банк пластик карточкалари орқали савдо қилиш (иш ва хизмат кўрсатиш), Умумий овқатланиш корхоналари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар ҳамда Маданият ва истироҳат боғлари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилиб, унда турли ёшдаги жами 39 491 нафардан ортиқ респондент (истеъмолчи)лар иштирок этдилар.

    Ушбу ўтказилган сўровнома натижаларига кўра аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Давлат солиқ қўмитасига, Марказий банк ва соҳаларнинг марказий идораларига тақдим этилди.

    Федерация истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бошқа мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан тажриба алмашиш масадида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳам кенгайтирмоқда.

    Ўтган давр мобайнида Федерация Малайзия, Франция, Германия, Хитой, Вьетнам ва бошқа мамлакатларнинг бир қанча миллий ва минтақавий ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди ҳамда Германия Халқаро ҳамкорлик агентлиги – GIZ Ўзбекистонда амалга ошираётган молиявий саводхонлик ва коммуникация бўйича лойиҳаси доирасида Германия тажрибаси билан яқиндан танишиш мақсадида Федерациянинг масъул ходими ишчи гуруҳ таркибида мазкур давлатда хизмат сафарида бўлиб қайтди. Шунингдек, Жанубий Корея Республикаси ва Ҳиндистон, Озарбойжоннинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ўзаро англаш меморандуми имзоланди ва улар доирасида манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда.

    Матбуот анжуманида журналистлар Федерация фаолиятига оид берган кўплаб саволларига батафсил жавоб олди.

    Федерация Матбуот ва ахборот бўлими