“Нигоҳ” кўрсатуви: Коммунал хизматлар сифатли бўлиши керак

    “Ўзбекистон” телеканалининг  “Нигоҳ” кўрсатуви орқали  кейинги йилларда коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш, уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш тизимига бозор механизмларини жорий этиш бўйича зарур қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база яратилгани, уй-жой мулкдорлари билан коммунал хизмат кўрсатувчилар ўртасида шартномавий муносабатлар  янада мустаҳкамланаётгани ҳақида фикрлар билдирилди. Аммо шунга қарамай  баъзи уй-жой мулкдорлари ширкатларини ташкил қилиш жараёни ва уларнинг фаолиятига юзаки  қаралаётган, амалда тасодифий кишилар ихтиёрига бериб қўйилгани,  шу сабабли кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва уларни сақлаш ниҳоятда қониқарсиз аҳволда, кўрсатилган коммунал хизматлар учун истеъмолчиларнинг тўлов интизоми ҳамон пастлигича қолаётгани ҳеч кимга сир эмас.

    Кўрсатув давомида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини аниқлаш бўйича талабларга, кўп хонадонли уйларни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва нормаларига, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланишига риоя этилиши устидан олиб борилаётган  назорат, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтилди. “Нигоҳ” кўрсаутвида  мамлакатимизда кузги-қишки  мавсумга тайёргарлик кўриш борасидаги, олдинда турган  режалар  ва камчиликлар, жавобини кутаётган муаммолар ҳақида  соҳа мутахассислар томонидан фикрлар билдирилди. Хусусан, кўп хонадонли уйларнинг том қисмлари, йўлак ва ертўлалари, иситиш тизимлари, сув таъминоти, канализация,  иссиқлик манбаи  узатиш  тармоқларини қайта кўриб чиқиш бўйича белгиланган бир қатор чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди. Аҳолига ширкатлар томонидан  кўрсатиладиган ҳар бир хизматлар  ўз вақтида, тўла ҳажмда ва сифатли амалга оширилиши, ўз навбатида истеъмолчи ҳам бу борадаги бурч ва вазифаларини тўлақонли амалга ошириши зарурлиги ҳақида кўрсатув давомида айтиб ўтилди.