НОСОЗ ТЕЛЕФОН СИФАТЛИСИГА АЛМАШТИРИБ БЕРИЛДИ

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига А.Юсупов шаҳарда жойлашган “УЗ МАРКЕТ” савдо мажмуасидан қиймати 800 минг сўм бўлган “General mobile” маркали  қўл телефон харид қилгани,  етти  кун ичида телефонда носозлик аниқлагач бу ҳақда сотувчидан маҳсулотни айни шундай маркали телефонга алмаштириб бериш ёки нуқсонини бепул бартараф этиш ҳақидаги талаби  қондирилмаганлиги ҳақида мурожаат этган.

          Сервис хизмати кўрсатувчи  “Артел сервис” МЧЖ мутахассислари  носозликни аниқлаб  5 кун муддат ичида таъмирлаш ишларини амалга оширган бўлса-да телефондаги жиддий нуқсон бартараф этилмаган.Туман жамияти мазкур муаммо  бўйича  “УЗ МАРКЕТ”, “Артел сервис” МЧЖ масъул ходимларига Ўзбекистон Республикаси ”Истеъмолчиларнинг ҳукукларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13,14,15,16,17, ва 18-модда талаблари тўғрисида кўрсатма ва тушунтиришлар берилди, шунингдек савдо маркази субъекти вакилига товар сифатини қўшимча равишда текширтириш мумкинлиги, лекин истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида алмаштириб бериш зарурлиги ҳақида ҳам кўрсатма берилди. Мазкур қонун талаблари ва кўрсатмалар асосида ушбу мурожаат сотувчи, ишлаб чиқарувчилар томонидан ижобий қаноатлантирилиб, ҳеч қандай эътирозларсиз  А.Юсуповга айнан шундай русумдаги 800 минг сўмлик янги телефонга алмаштириб берилди.