“ОСИЁ” РЕСТОРАНИДА ФАҚАТ НАҚД ПУЛДА ХИЗМАТ КЎРСАТИЛАДИМИ?!

2018 йил 13 февраль куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Маҳмудов Севдиёрнинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмасига қилган ёзма мурожаати Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди.

Фуқаро Маҳмудов Севдиёр мурожаатида жорий йилнинг 12 февраль куни “Навоий Осиё” КНКга қарашли “Осиё” ресторанида овқатланиб, тўловни пластик картадан амалга оширмоқчи бўлганида ресторан ходимлари томонидан: “Соат тунги 23.00 дан сўнг терминал аппарати ишлатилмайди, фақат нақд пулда хизмат кўрсатилади” деб фуқародан нақд пулда тўловни амалга оширишни талаб қилишган. Фуқарода нақд пул бўлмаганлиги сабабли, ресторан ходимлари унинг қўл телефонини олиб қолганлигидан норозилигини билдириб, ушбу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мурожаат юзасидан “Навоий Осиё” КНКга қарашли “Осиё” ресторани раҳбарияти ҳамда фуқаро иштирокида суҳбат олиб борилди. Ресторан ходимларига амалдаги тегишли қонун ҳужжатлари юзасидан тушунчалар берилди ва фуқаронинг телефони ресторан ходимларидан олиб берилди. Шунингдек, “Осиё” ресторанига нисбатан тўловларни қабул қилишда йўл қўйилган ҳолатлар бўйича амалдаги қонунлар асосида чоралар кўриш учун тегишлилиги бўйича Навоий шаҳар Давлат солиқ инспекциясига юборилди.