Самарқанд вилояти Аслида истеъмолчи қарздорми ёки газ идорасими?..

Ҳовлиқма, қилаётган ишининг орқа олдини ўйламайдиган кишилар кўпинча жамиятга фойда келтираяпман, деб хато қилишади.Ундайларга нисбатан бизда чиройли ибора бор: “Саллани келтир, дейишса биратўла каллани олиб келишади”.

Масалан, “Марказгазтаъминот” УК “Самарқандшаҳаргаз” филиалида газ назоратчиси бўлиб ишлайдиган С.Ҳожиевни шундайлар сирасига бемалол киритиш мумкин. Топшириқ бўлгач, у ўзи назорат қиладиган Самарқанд шаҳри Қадоқчилар кўчасидаги хонадонларга бориб, газдан қарзи бор деб билганларини бирин-кетин тармоқдан уза бошлади. Жумладан, 8-уйда яшовчи Ю.Салимовнинг хонадонидаги газ ўлчагичнинг пломбаси бузилган, дея ундан 4 миллион сўм жарима тўлайсиз деб талаб қилади. Аслида эса Салимовлар хонадонидан уч киши ўзи, ўғли ва келини ҳар ойда, мунтазам 150 минг сўмдан газ тўловларини тўлаб боришади. Бундай қарздорлик қаёқдан пайдо бўлди? Назоратчи кейинги гал келганида, ҳеч кимнинг гапига қулоқ тутмай, хонадон газини  тармоқда узиб кетди.

Шундан сўнг Ю.Салимов газ идорасига келиб яна бир бор ҳисобини текширди. Унга бу ерда ҳам қарзингиз йўқ, дея маълумотнома беришди. Шу воқеалардан сўнг ҳам хонадон гази улаб берилмайди. Истеъмолчи ноилож манфаатларини тиклаш мақсадида Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилади.

Бирлашма масъул ходимининг кўмаги билан вазият яна бир бор мутасадди мутахассислар иштирокида ўрганилди.  Унда Ю.Салимовнинг қарздор эмас, аксинча, 363 минг сўмдан зиёдроқ олдиндан тўлови борлиги маълум бўлди.  Биргина назоратчининг ўзбошимчалик билан қилган хатти-ҳаракати  оқибатида мазкур хонадон оила аъзолари қишли-қировли кунларда газсиз ўтиришга мажбур бўлди. Албатта, ҳақиқат қарор топди, истеъмолчи ҳуқуқи тикланди. Аммо қанча асаббузарлик , оворагарчилик эвазига.