Самарқанд вилояти Бир ойгагина хизмат қилган КОНДИЦИОНЕР

Кондиционер жоннинг роҳатида. Қишда уйингизни иситади,  ёзда салқинлатади. Рекламада айтишганидек, “қишда Африка, ёзда Арктика”. Зарнигор ҳам ниятига етди.  Буни анчадан бери режалаштириб юрганди. У Самарқанд шаҳридаги “Мармар” бозори ҳудудида  жойлашган “Самсунг” маиший техникалар  дўконидан “Артел” кондиционерини сотиб олди. Орадан бир ой ўтмасдан ускуна ёқимсиз товуш чиқара бошлади.  Истеъмолчи бу ҳақда  дўкон сотувчисига айтганда, у харидорнинг талабини рад этди. Нима қилса бўлади? Ахир қиммат матоҳ, арзон бўлганида  яна битта  олган бўларди. Шунда унга Самарқанд вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  жамиятлари ҳудудий бирлашмасига мурожаат  қилишни маслаҳат беришди.

Ариза бирлашма мутахассиси  ва муаллиф  иштирокида  савдо дўконига бориб ўрганилди. Дарҳақиқат ускуна носоз экан. Бу ҳаракатлардан сўнг дўкон ходимлари ўз хатоларини тан олишди. Шунингдек,  уларга  истеъмолчининг ҳуқуқлари тўғрисида қонуннинг тегишли моддалари  бўйича   тушунтиришлар ҳам берилди. Зарнигор Баҳриева эса  кондиционерга тўлаган пулини,  яъни 2 миллион 58 минг сўмни қайтариб олди.