Самарқанд вилояти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди

    Халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинг­лаб, оғирини енгил қилиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,  Самарқанд вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси раиси Инобат Ҳасанова ҳамда Самарқанд шаҳар, Самарқанд, Тайлоқ ва Булунғур туман жамиятлари вакиллари томонидан аҳоли билан сайёр учрашувлар ташкил  этилди.

    Мулоқотлар давомида мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг ичига чуқур кириб бориш, уларни тинглаш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушни таъминлаш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларни бартараф этиш учун жон куйдириш, барча ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклигига эътибор қаратилди.

    Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Каттақўрғон кўчасида истиқомат қилувчи Баҳодир Дониёров, Самарқанд тумани Шурбойча маҳалласида яшовчи Маъсуда Ражабова,  Тойлоқ тумани Боғизағон қишлоғи, Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилаётган ёш оила Суҳроб Раҳмонов ва Булунғур туманидаги “Митан” қишлоғи “Олмазор” маҳалласида истиқомат қилувчи Абдурашид Жаббаровлар хонадонига ҳам ташриф буюрилди.
    Дастлабки ташриф давомида Баҳодир Дониёровнинг 3 нафар фарзанди борлиги, ўзи ва турмуш ўртоғи ногирон эканлиги, тўнғич фарзанди 15 ёшда бўлиб, васкулит касаллиги билан бетобланганлиги, ушбу оила ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатида туриши маълум бўлди. Федерация раҳбариятининг ташаббуси билан, Дониёровлар хонадонига газ плитаси ҳамда оила қарамоғидаги фарзандларига қишки кийим-бош совға қилинди.

    Маъсуда Ражабовалар хонадони билан танишилганда эса бу оиланинг турар жойга муҳтожлиги эканлиги айтиб ўтилди. Туман ҳокимлигининг кўмаги билан эндиликда фуқаро Маъсуда Ражабованинг келини  Гавҳар Сафарова туманда қурилаётган арзонлаштирилган намунадаги уй-жойлардан бирига эгалик қиладиган бўлди .

    Суҳроб Раҳмоновлар оиласи ёш, кам таъминланган оилалардан бири эканлиги сабаб бу хонадонга газ плита, оиланинг уч нафар фарзандига қишки оёқ кийимлар, шунингдек туман жамияти томонидан 15 бош товуқ, ун маҳсулоти берилди.

    Сўнгги учрашув Абдурашид Жаббаров оиласида бўлиб ўтди. Оила бошлиғи Абдурашид ака ногирон эканлиги, қарамоғида 4 нафар фарзанди борлиги, 1 хонали уйда барча оила аъзолари билан яшаётганлиги маълум бўлди. Федерация раҳбарияти томонидан мазкур оилага қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ун-ёғ, фарзандларига қишки кийимлар ҳамда хонадонга зарур бўлган гилам ва газ плитаси, ҳомийлик томонидан 10 бош товуқ берилди.