Самарқанд вилояти. Интизомий чора кўрилди

М.Ҳалилов оиласи билан Самарқанд шаҳридаги “Барбикю бургер” умумий овқатланиш шохобчасига боради. Таом тановул қилишди, дам олишди, аммо кетар маҳали хизматчидан чек сўрагани учун  боши балога қолаёзди. Инсон ҳамма нарсага кўникиши мумкин, аммо ноҳақликка, ғурури камситилишига эмас. Йигит бу ҳақда Республика Бош Прокуратурасининг  ишонч телефонига мурожаат қилади. Ариза Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг  ҳудудий бирлашмаси ходимлари томонидан ўрганилди. Дарҳақиқат,  унда кўрсатилган гаплар асосли эди.   Ошхона ходимаси А.Абдужабборова илгари ҳам ҳайфсан олганлиги боис, иккинчи интизомий  жазо чораси сифатида  Умумий овқатланиш шохобчаси маъмурияти томонидан  жаримага тортилди. Бу ҳол яна такрорлангудек бўлса,  қонун доирасида янада қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

 

Д.Шерматова Давлат  ташкилотида ишлайди. Ҳалол, виждонли фуқаро сифатида коммунал тўловларни, жумладан электр энергияси ҳаққини ойлик маоши ҳисобидан  ҳар ойда,  мунтазам тўлаб борарди. Бир куни у ишлайдиган ташкилотга интернет  тармоғи орқали,  электр энергиясидан 2 млн сўм қарзи борлиги  ҳақидаги хабар келди. Хонадонига  ўрнатилган электр ҳисоблагич билан солиштирганда, у қарздор эмасди. Ўзбекистон Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига  йўллаган мурожаатида Д.Шерматова шу ҳақда  баён қилган. Ариза бўйича  бирлашманинг туман жамияти  ҳамда  электр тармоқлари  корхонаси мутахассислари томонидан қайта ҳатлов  ўтказилди ва фуқаронинг қарзи йўқлиги  аниқланди.

Юқоридагилардан маълумки, ўз ҳуқуқларини (мажбуриятларини ҳам!) яхши билган  ва ундан ўз вақтида  фойдалана олган киши ҳамиша ютади. Аммо ҳақиқат қарор топгунча,  қанча асаббузарлик,  олтинга тенг вақт , қолаверса мутасадди ташкилотлар ходимлари  овораю сарсон бўлишди. Бу ҳақда ўйлаб кўриш лозим…