Самарқанд вилояти Кир ювиш машинаси сифатсиз чиққанди

 

Самарқанд шаҳри Азизон кўчасида яшовчи Фаршед Қодиров Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Самарқанд шаҳар жамиятига мурожаат қилиб, носоз чиққан кир ювиш машинасини алмаштиришда амалий кўмак сўрайди. Истеъмолчи  шаҳардаги Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган “ТАДА” савдо дўконидан мазкур маиший техникани сотиб олади. Аммо у  бир ой муддат ўтмасидан бузилиб қолади. Истеъмолчи ускунани харид қилган дўконга бориб, янгисига алмаштириб беришини талаб қилади. Бироқ сотувчи рад жавобини бериб, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг  13,14-моддалари талабларини бузади. Унга кўра, нуқсонли товар  сотилганда истеъмолчи маҳсулотнинг айнан шундай маркали янгисига ёҳуд бундай маҳсулот дўконда бўлмаса, бошқа маркали шундай маҳсулотга алмаштириб олиш ва унинг харид нархини қайта ҳисоб-қитоб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек мазкур қонуннинг 14 -моддасига кўра, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилиши, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаганда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) айнан шундай маркали товарга етти кун муҳлат ичида, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан текшириш зарурати туғилганда эса, истеъмолчи талаб қўйган кундан эътиборан, йигирма кун муддат ичида алмаштириб бериши шарт. Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш Самарқанд шаҳар жамияти ходимлари томонидан мазкур моддалар бўйича тушунтиришлар олиб борилгач, сотувчи ўз хатосини тушунган ва кир ювиш машинасини янгисига алмаштириб берган.