Самарқанд вилояти Маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтган экан!

Пайариқлик Мавлуда Тўраева уйига келган қариндошини маринадланган балиқ билан меҳмон қилмоқчи бўлди. Уни иштаҳа билан еган жияни, бироз вақт ўтиб ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Тез ёрдам чақиришди, шифокорлар уни зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетишди. Ташҳис, оддий тил билан айтганда, овқатдан ўткир заҳарланиш. Ноқулай вазиятга тушган М.Тўраева Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилган.  Бирлашманинг масъул ходими томонидан вилоят Давлат санитария эпидемиология назорати маркази мутахассиси, савдо ходими ва ариза муаллифи иштирокида ишчи гуруҳи тузилиб, муаммо атрофлича ўрганилди. Дўкондаги маҳсулотлар кўздан кечирилганда, яна жами 9 турдаги озиқ овқатнинг яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланди. Бу маҳсулотлар дўкон растасидан олиниб, дарҳол йўқ қилинди. Савдо ходимларига бундай вазият бошқа такрорланмаслиги, унинг олдини олиш чоралари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари ва фуқаролар ўртасида ўткир ичак инфекцияси профилактикаси бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Сотилган маҳсулотлар пули харидорга қайтариб берилди.