Самарқанд вилояти. Муаммо ҳатто судгача бориб етди

Самарқанд шаҳридаги Азимбеков  кўчаси, 72-уйда яшовчи фуқаро Сафия Қурбанова “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар филиали томонидан 4 047 538 сўм нореал қарздорлик қўйилганлигидан норози бўлиб, Самарқанд шаҳар   истеъмолчилар ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзган.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, хонадон 2017 йил 1 апрелгача 11 523  метр куб табиий газ ишлатган ва  15 085 метр куб газ учун пул тўлаган, яъни 3562 метр кубга ортиқча тўлов мавжуд.

“Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар филиали эса Сафия Қурбанова тўрт миллион қирқ етти минг беш юз ўттиз саккиз сўм қарздор деб даъво қилган.  Лекин корхона вакили бу қарзнинг қандай пайдо бўлганлигини ҳужжатлар асосида тасдиқлаб беролмади.

Шаҳар   истеъмолчилар ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи аризаси ўрганилган  кун  – 2017 йил 20 апрелда “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар филиали хатлов комиссияси аъзоси Н.Одилов, корхона вакили М.Ходжаев хонадонда хатлов ўтказиб, фуқаро С.Қурбанованинг қарзи 1 701 043 сўм эканлиги тўғрисида далолатнома тузишди.  Илгариги даъвоси бўйича 4 047 538 сўмдан бирданига  2 346 495 сўм олиб ташланди. Қолган нореал қарздорлик қандай пайдо бўлганлигига газ таъминоти идораси ходимлари  хонадонда битта газ нуқтаси ортиқ эканлигини сабаб қилиб кўрсатишди.

Ваҳоланки, хонадонда тўртта газ нуқтаси – тўрт комфоркали битта, икки комфоркали битта газ плитаси, иккита печка бўлиб, ҳаммаси газ ҳисоблагичга уланган.

“Марказгазтаъминот” унитар  корхонаси  Самарқанд шаҳар филиали биллинггаз базасида эса хонадонда 2016 йил декабригача учта газ нуқтаси ҳисобга олинган. Корхона вакиллари тўртинчи нуқта 2016 йил декабрда уланган, деб даъво қилишди. Лекин 2016 йил 16 майда  корхона вакиллари – А.Чориев, У.Абдувалиев ва М.Ходжаев томонидан тузилган хатлов далолатномасида мазкур хонадонда тўртта газ нуқтаси борлиги қайд этилган.

Тўртинчи нуқта қачон ўрнатилганлигидан қатъи назар, унинг газ ҳисоблагичга уланганлиги, газ ҳақи мунтазам тўлаб келинганлиги бу даъвонинг ноқонунийлигини исботлайди.  Корхона вакиллари G-6 РЛ русумли мазкур  газ ҳисоблагичга хонадонда ўрнатилган газ ускуналаридан бештасини улаш мумкинлигини ҳам  таъкидлашди.

Шаҳар газ таъминоти корхонаси шу даъвоси асосида хонадонга 1 701 043 сўм нореал қарздорлик қўйган.

Истеъмолчи Сафия Қурбанова табиий газдан қарздорлиги йўқлигини исботлаш мақсадида “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар филиалига 2017 йилнинг 2 январидан 18 июлига қадар қатнаган ва корхона мутахассислари ҳамда раҳбарларига ҳақлигини исботлаб беролмаган.

Унитар  корхона шаҳар филиали ходимлари С.Қурбоновани 2017 йил 2 январда огоҳлантиришган. 2017 йил 1 апрелда эса қарз миқдорини камайтириб, иккинчи далолатномани тузишган. С. Қурбанова ҳақлигини шаҳар филиали мутахассис ва раҳбарларига исботлаб беришининг иложи бўлмагач, Самарқанд шаҳар   истеъмолчилар ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзишга мажбур бўлган ва “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар филиалидан ҳеч қандай қарзи йўқлиги исботлаб берилишини ҳамда газ таъминоти идораси ходимлари деярли етти ой давомида унга етказган моддий ва маънавий зарарни қоплаб беришни сўраган. Истеъмолчи ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида газ таъминоти идорасига деярли ҳар кун қатнагани, бу можаролар оқибатида асабийликлар туфайли саломатлиги жиддий зиён кўрганлиги учун унга етказилган моддий ва маънавий зарар миқдорини 500 000 сўм деб баҳолаган.

Самарқанд шаҳар жамияти шу ҳолатни инобатга олиб,  фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси берди.

Унда фуқаро Сафия Қурбанова хонадонида 2017 йил 1 апрелгача 11 523  куб метр табиий газ ишлатилгани ва  15 085 метр куб газ учун ҳақ тўлаганлигини, тақдим этилаётган ҳужжатлар асосида, текшириб, унга “Марказгазтаъминот” унитар  корхонаси  Самарқанд шаҳар филиалидан  дастлаб 4 047 538  сўм қарздор дея даъво қилиниб, 2017 йил 20 апрелда тузилган далолатномада шу қарзнинг 2 346 495 сўмидан ҳеч қандай асоссиз кечилгани сабабини газ таъминоти корхонаси вакили исботлаб бериши сўралган, хонадондаги газ ускуналари газ ҳисоблагичга қоида асосида улангани, ҳисоблагич вақтида қиёсловдан ўтказилгани ва табиий газ истеъмоли учун ҳақ ортиғи билан тўлангани баён этилган.Аммо шунга қарамай, шаҳар филиали аллақандай ноқонуний талаблар билан С.Қурбоновага даъво қилаётганлигига аниқлик киритиш тўғрисида қарор чиқариш ва мазкур хизмат кўрсатувчи  унитар  корхонанинг  Самарқанд шаҳар филиали ходимлари  ғайриқонуний ҳаракатлар қилишгани учун фуқаро фойдасига 500 000 сўм моддий ва маънавий зарарни ундириб бериш сўралди.

Ниҳоят суд С.Қурбонованинг ҳақлигини аниқлаб, қарор чиқарди. Муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.