Самарқанд вилояти. Чангютгич таъмирланди

 Булунғур тумани Самарқанд кўчаси 63-уйда яшовчи Анвар Сулаймонов Ўзбекистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун амалий кўмак сўраб арз қилади. Арзномада кўрсатилишича, Самарқанд шаҳри Сиёб бозори ҳудудидаги  “ARTEL” савдо дўконидан харид қилган “SAMSUNG” русумли чангютгичи носоз чиққан. Жамият ходимлари томонидан мурожаат ўрганилиши жараёнида, мазкур маиший техника уч ой олдин сотиб олинганлиги маълум бўлди. Мурожаат эгасига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 18-моддасига кўра,  ноозиқ-овқат маҳсулотни харид қилганда яроқсиз чиқса, 10 кун ичида худди шундай маҳсулотнинг янгисига алмаштириш, бундай  товар сотувда бўлмаса пулини қайтариб олишга ҳақли эканлиги тушунтирилди. Жамият ходими  юқоридаги қонуннинг бошқа моддалари бўйича сотувчига тушунтириш ишларини олиб боргач, чангютгич  дўкон ходимлари томонидан бепул таъмирлаб берилди.