Самақанд вилояти. Истеъмолчи жамиятдан миннатдор бўлди

Самарқанд шаҳрининг Гўрўғли кўчаси, 90-уйда яшовчи Вали Зиёев ҳовлисида 2017 йил 20 июнда табиий газ ёнмай қолди. Маълум бўлишича, “Марказгазтаъминот” унитар  корхонасининг  Самарқанд шаҳар  филиали ходимлари  газ тўловидан қарздор қўшниси қувурини кесганда, унинг қувури ҳам ўша жойдан газ олишини билишмаган.

Табиатан босиқ Зиёев унитар корхона филиали ходимларидан бу  хатони тузатишларини оғзаки илтимос қилади. Масалани тезда ҳал қилишга ваъда берилади-ю, орадан бир ҳафта ўтади ҳамки мижоз хонадони тармоққа уланмайди. 27 июнь куни у филиал бошлиғи номига ариза ёзади. Аризага жавоб  берилмайди, қувур ҳам газга уланмайди. Мижоз 13 июлгача кутиб, иккинчи аризани ёзади. Яна жавоб ололмайди. Хонадонда яшовчилар эса газсиз ўтиришаверади.

Ниҳоят 27 июлда  В.Зиёев  унитар корхона филиалига боради ва билинг маркази (ҳисоб-китоблар қилинадиган жой)га мурожаат қилиб, аҳволни тушунтиради. Марказ ходими газ қувурини улаш ҳақида ҳеч нарса демайди-ю, Зиёев қўлига қоғоз тутқазади. Унда табиий газ истеъмолидан унинг 1 641 699 сўм қарзи борлиги ёзилган экан.

В.Зиёев газ тўлови билан алоқадор ҳамма ҳужжатларни олиб тағин унитар корхонага боради. Унинг арзини эшитишади-ю, қарзи йўқлигини ҳеч ким тан олмайди. Мижоз 27 июлда учинчи аризани ёзади ва қарзи йўқлигини маълум қилиб, қувурини тармоққа улаб беришларини сўрайди. Илгариги ҳолат такрорланади: хатга жавоб қайтарилмайди ва газ ҳам берилмайди.

Тоқати тоқ бўлган В.Зиёев 10 августда   Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзади. Жамият масалага аниқлик киритиш учун унитар корхона филиали бошлиғи номига хат жўнатди.

Унитар корхона ва Самарқанд  шаҳар   истеъмолчилар ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш жамияти ходимлари истеъмолчи хонадонида хатлов ўтказиб, унинг газдан қарздорлиги йўқлиги, аксинча 689 куб метр табиий газ учун олдиндан тўлов мавжудлиги тўғрисида далолатнома тузишади ҳамда 24 августда хонадонни табиий газ тармоғига улашади. Шаҳаргаз филиали бошлиғи А. Баҳриев В. Зиёевнинг табиий газдан қарзи йўқлиги тўғрисида жамиятга жавоб қайтарди. Ниҳоят, икки ой-ю тўрт кун табиий газсиз ўтган кунларга хотима берилди. Истеъмолчи газ уланганидан ниҳоятда хурсанд бўлди ва унга кўмак берган жамиятга ўз миннатдорчилигини билдирди.