СИНИҚ КЎЗОЙНАК “МАСАЛАСИ”

Учкўприк тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилган “Гумбаз” қишлоғида яшовчи фуқаро Каримова Саноатхон туманда фаолият юритиб келаётган хусусий фирма сотувчиси томонидан унга нуқсонли кўзойнак сотилганлиги ҳолати бўйича ўз эътирозларини билдириб, нуқсонли маҳсулотни қайтариб, тўланган пулни қайтариб олишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўради.

Фуқаро мурожаатини ўрганиш жараёнида С.Каримова ҳақиқатан ҳам юқоридаги буюмларни сотувчи дўкондан компьютердан кўзни ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиладиган кўзойнакни 34000 сўмга харид қилганлиги, уни уйга олиб келиб, фойдаланиш мақсадида қўлига олиб кўрганда кўзойнакни чап кўзида синиғи борлигини кўрганлиги, маҳсулотнинг фойдаланишга яроқсиз эканлигини билиб, дарҳол дўконга қайтариб олиб келганлиги, лекин сотувчи томонидан кўзойнак сотилганда бутун ҳолатда эди, деган важ билан унинг эътирозларига қулоқ тутилмаганлиги маълум бўлди.

Туман жамияти ходимлари мурожаатда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида мазкур дўконга бориб сотувчи билан суҳбат ўтказди. Сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада дўкон сотувчиси М.Убайдуллаев истеъмолчи С.Каримовадан сотилган нуқсонли товарни қайтариб олиб, истеъмолчининг пулини қайтариб берди.