СИФАТСИЗ ЎЙИНЧОҚ СОТУВЧИГА ҚАЙТАРИЛДИ

2018 йил 18 январь куни Навоий шаҳар Спитамен кўчасида истиқомат қилувчи Жабборов Сардорнинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси “Ишонч телефони”га қилган мурожаати Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди.

Фуқаро мурожаатида Навоий шаҳридаги “Жибатчи” савдо марказига қарашли 80-дўкондан ҳарид қилган болалар ўйинчоғи сифатсизлигидан норозилигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраган.

Ўрганишлар давомида сотувчи билан музокаралар олиб борилди ва унга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари юзасидан тушунчалар берилди ва фуқаро С.Жабборовга ҳарид қилган ўйинчоқ пули қайтариб олиб берилди.