СУРХОНДАРЁДА ТАЛАБЧАН РАҲБАР ВА ТАШАББУСКОР ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримоқов Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида сурхон ёшлари билан учрашди.

Федерация раҳбариятининг “2018 йилда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар” ижросини таъминлаш мақсадида Термиз шаҳрида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасидаги учрашув қизғин саволларга бой бўлди. Тадбирда федерациянинг ҳудудий бирлашмаси раҳбарияти, тизимда фаолият юритаётган ёш ходимлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят кенгаши вакиллари, сиёсий партияларнинг Ёшлар қаноти аъзолари, фаол ёшлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабалар иштирок этди.

Учрашувда сўзга чиққанлар бугунги кунда аҳоли истеъмол маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир амалий саъй-ҳаракатлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари хусусида маълумотлар бериб ўтди.

— Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда, — деди, Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов, — сиз каби ташаббускор ёшларнинг иштирокингиз ғоятда муҳим ва сиз томонингиздан киритилаётган ҳар бир таклиф эътиборимиздан четда қолмайди.

Шундан сўнг иштирокчи ёшлар ҳам бир-биридан ажойиб савол ва таклифлар билан чиқишди. Хусусан, улар томонидан истеъмол маданиятини юксалтиришда бажарилиши лозим бўлган ишлар, таълим муассасаларида “Биз барчамиз истеъмолчимиз!”, “Истеъмолчи талаба” кўрик-танловлари, турли хил сўровнома ва акциялар ўтказиш ҳақида таклифлар киритилди. Шунингдек, тарғибот-ташвиқот тадбирларига муқим иш жойига эга бўлмаган ёшлар қатламини ҳам жалб қилиш, бу орқали эса уларнинг истеъмол маданиятини юксалтириш билан бирга бўш вақтларини ҳам мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш мумкинлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Ёшларнинг таклифларига кўра талабалар учун имтиёзли талабалар бозорчаси ташкил этиш бўйича фикр алмашилиб, федерация раҳбарияти бу борада тегишли ташкилотлар билан келишув ўтказишини таъкидлади.

— Биласизми!? Бу тадбир менда катта таассурот қолдирди. Халқимиз орасида истеъмол маданиятини оширишда барчамиз масъул эканлигимизни ҳис қилдим. Ва ўз олийгоҳимда “Истеъмолчи талабалар” фан клубини ташкил этиш, ижтимоий тармоқда ҳам ўз веб-сайтимизни яратиб, олис ҳудудлардаги тенгдошларимни ҳам унга жалб этишга қарор қилдим! — дейди, Термиз давлат университети талабаси Саидвали Султонов.

Тадбир якунида Термиз давлат университети талабаси Маҳфуза Назаралиевага яхши саволи ва фаол иштироки учун федерация ҳисобидан замонавий русумидаги мобил телефон ажратилиши айтилди ҳамда бошқа фаол иштирок этган ёшларга ҳам федерация раҳбарияти томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан тақдим этилди.