Сурхондарё вилояти. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА БАТАФСИЛ ЖАВОБЛАР ҚАЙТАРИЛДИ

Сариосиё тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида  туманнинг “Меҳр-шавқат” маҳалласида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Учрашувни туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси М.Зарипова очиб, Ўзбекиистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 1996-йил 26 апрелда қабул қилинган 30-моддадан иборат Қонунининг барча моддалар бўйича иштирокчиларга тушунтиришлар бериб ўтди. Жумладан, ушбу Қонуннинг 1-моддасида  Истеъмолчи деганда фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган жисмоний шахс тушунилиши ва истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиниш механизмлари хусусида батафсил тўхталди.

Шундан сўнг сўзга жамиятнинг мониторинг мутахассиси  М.Ўлмасов  чиқиб, 2002 йил 28 ноябрдаги №414-сонли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ  истеьмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таьминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш, ички истеьмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ахолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир ишларни фаоллаштириш кераклиги хусусида маълумот берди.

Ўз навбатида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси в/б Ж.Сатторов ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу тадбир   “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунига асосан ташкил этилганлиги ва бу саъй-ҳаракатлар замирида инсон манфаатлари ётганлигини, келажакда ҳам шундай учрашувларни ташкил қилиш кераклигини гапириб ўтиб, саволлар бўлса бемалол бериш мумкинлигини билдирди.

Маҳалла фуқароси Тоштурди Ҳусанова туман марказида жойлашган савдо дўконларида пластик карточкага савдо қилинганда маҳсулот устига устама қўйиб сотиш ҳолатлари бўлаётганлиги, ушбу ҳолатда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақидаги саволни берган бўлса, Ибодат Қурбонова  Сариосиё ва Узун йўналишида қатнайдиган автомобилларда  йўл ҳақининг ошиш сабаблари ва  бошқа шу каби саволларига мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.

Савол муаллифларига қонунчиликда белгиланган тартибда жавоблар қайтарилар экан, жамият мутахассислари томонидан ваколат доирасида уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишда амалий ёрдам бериш тартиблари тушунтирилди.