Сурхондарё вилояти. Истеъмолчилар мурожаати ижобий ҳал этилди

Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларда фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, ҳар бир юртдошимизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари ҳам қонун ҳимоясида бўлиб, бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йилда қабул қилинган 414-сонли Қарори асосида  Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудлардаги қуйи ташкилотлари томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак,  Денов тумани “Истиқлол” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Н. Нуров тумандаги “Амир Холдинг” савдо мажмуасида жойлашган ЯТТ А.Жабборовга қарашли савдо дўконидан 2 миллион 800 минг сўмга харид қилган музлатгичи носоз чиққанлиги ва уни алмаштириб олиш имкони бўлмаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ишонч телефонига мурожаат қилган эди.

Ушбу мурожаат асосида Денов туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи ва сотувчи ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилди ва муаммо ижобий ҳал этилди. Яъни, истеъмолчи Н.Нуровга носоз музлатгич ўрнига дўкон томонидан сифатлиси  тақдим этилди.

 Шунингдек, Денов тумани “Боғишамол” маҳалласида истиқомат қилувчи И.Мамадалиева ҳам туманнинг “Шароф Рашидов” кўчасида жойлашган савдо дўконидан ноутбук олмоқчи бўлиб, 1 миллион 400 минг сўм тўлов қилдию, бироқ бир ойдан ортиқ вақт кутишга мажбур бўлди. Шунга қарамай дўкон ходимларига бир неча марта мурожаат қилсада, қуруқ ваъдадан бошқасини эшитмади.

Натижада И. Мамадалиева Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мурожаат юзасидан Денов туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари олиб борган саъй-ҳаракатлар эвазига масала ижобий ҳал этилди. Аниқроғи, И. Мамадалиевага ноутбук ўз вақтида олиб берилди.