Сурхондарё вилояти. Истеъмолчининг талаби қондирилди

Музработ тумани “Шаффоф” маҳалласида истиқомат қилувчи Мухриддин Алиёров Ангор туман тижорат бозоридан яхши ният билан 370  минг сўмга ўғли учун велосипед харид қилганди. Харид жараёнида маҳсулотнинг нуқсонларига унча эътибор бермаган истеъмолчи уйига келиб қараса велосипеднинг ҳолати талаб даражасида эмас. Шунда сотувчидан пулини қайтариб беришни сўраганда сотувчи рад жавобини беради. Натижада М.Алиёров истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини тиклашни сўраб, Музработ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Жамият мутахассисларининг кўмаги билан, муаммо ўз ечимини топди. Яъни, истеъмолчига унинг талабига кўра  370 минг сўм маблағи  қайтариб  берилишига эришилди.