Сурхондарё вилояти ИСТЕЪМОЛЧИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Узун туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан тумандаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Биз барчамиз истеъмолчимиз” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатини коллеж директори   О.Сувонқулов  очар экан, бугунги кунда мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан кафолатлаб қўйилганлиги, инсон қадри ҳамма нарсадан устун эканлиги хусусида сўз юритди. Хусусан, ҳар бир кишининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари ҳам қонун ҳимоясида эканлигини таъкидлар экан, сўзни туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси Дилором Қўшоқовага берди

Истиқлол йилларида юртимизда инсон манфаатларига жиддий эътибор берилди. Жумладан 2017 йилни “Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам бунинг бир исботидир.  Ислоҳотлар ягона мақсад пировардида халқимизнинг яхши яшаши, фаровон турмушини таъминлашга қаратилди. Қонунларимизда хам фуқароларимизнинг эркинлиги, инсоннинг барча ҳуқуқлари кафолатланган. Зеро, биз ҳуқуқий-демократик жамият барпо этишни ўзимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз. Шундай экан, юртимизда дунёнинг ривожланган давлатларида бўлгани каби инсон барча хуқуқлар ва эркинликларга эга бўлмоғи лозим.

Конституциямизнинг 53-моддасида: “Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи  устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилишини кафолатлайди” дейилган. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади, истеъмолчиларнинг тегишли сифатдаги товарлар (хизматлар)ни сотиб олиши билан боғлиқ ҳуқуқларини, ҳаётга ва соғлиққа хавф солмаслик, товарлар (хизматлар) тўғрисида, уларни тайёрловчилар тўғрисида ахборот олиш, ўз манфаатларининг давлат ва жамият томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш механзмларини белгилаб беради,- деди Д. Қўшоқова.

Учрашув жараёнида қатнашчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва мутахассислар томонидан уларга асосли жавоблар қайтарилди.