Сурхондарё вилояти. Мулоқотлар – инсон манфаатларига хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали механизмларини жорий қилиш орқали одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти томонидан Сурхондарё вилоятида аҳоли билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов ва соҳа масъул ходимларининг вилоятнинг Бойсун тумани, “Токчи” маҳалласида истиқомат қилувчи Ниёзовлар хонадонига ташрифи давомида оиланинг  мурожаатига асосан қишки мавсум учун кундалик эҳтиёж моллари тақдим этилди.

Хусусан, Федерация вакиллари Олтинсой тумани, Карсаган маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг хонадонига бориб, учрашувлар ўтказди ва уларнинг муаммоларини ўрганди. Федерация ижтимоий ҳимояга муҳтож Гулсара опа Мирзаевалар оиласининг иқтисодий таъминлашига ҳисса қўшиш мақсадида, ушбу хонадонга битта сигир ажратди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, шунингдек вилоят ҳокимининг “Вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини бугунги ҳолати юзасидан Федерация вакилларининг Бойсун, Олтинсой, Денов, Ангор, Шеробод туман ҳокимлари билан учрашувлари ўтказилди.

Учрашувлар доирасида ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, туманда фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари фаолиятини самарали  ташкил этиш юзасидан қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Хизмат сафари доирасида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов Федерация таъсисчилигида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ташкил этилган наслдор эчки ва қўйларни етиштиришга ихтисослашган “SURXON PROTECT CONSUMERS” масъулияти чекланган жамияти иш фаолияти билан яқиндан танишди.