Сурхондарё вилояти. Унмаган уруғнинг пули ундирилди

Қумқўрғон тумани “Тўғон” маҳалласида яшовчи Давронбек Хуррамов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қумқўрғон туманидаги Халқ қабулхонасига “Сара уруғлар” дўконидан пиёз уруғи сотиб олганлиги, лекин пиёз уруғи униб чиқмаганлигидан норози бўлиб оғзаки мурожаат қилади.

Ушбу мурожаат туман жамиятига йўлланади ва ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам фуқаро ўзига тегишли томорқасига пиёз экиш учун “Қумқўрғон деҳқон озиқ-овқат бозори” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида жойлашган “Сара уруғлар” дўкони мудири  Абдуманноп Мухаммадиевдан 3 кг пиёз уруғи сотиб олади, лекин пиёз уруғи униб чиқмайди.

Қумқўрғон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан “Сара уруғлар” дўконида ўрганиш ишлари олиб борилди ҳамда дўкон мудирига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига асосан, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли эканлиги тушунтирилди. Натижада жамият ходимлари иштирокида Д.Хуррамовга униб чиқмаган пиёз уруғининг пули 1 200 000 (бир миллион икки юз минг) сўм дўкон мудири А.Мухаммадиевдан тўлиқ ундириб берилди.