Сурхондарё вилояти Қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома ҳам берилди

Ҳар бир фуқаронинг давлат ва жамият олдидаги бурч ва ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, улар амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ҳар бир фуқаро фойдаланганлик учун табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви учун тўловларни қонунчликда белгиланган тартибда ўз вақтида тўлаши зарур. Шуни ишонч билан айта оламизки, барча коммунал тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этиши ҳам бор гап. Шеробод тумани «Катта ҳаёт» маҳалласи, У.Ҳайём кўчаси 14-уйда яшовчи  Турсун Раҳимова ана шундай масъулиятли фуқаролардан эканлиги унинг аризасини ўрганиш жараёнида маълум бўлди. У табиий газдан фойдаланганлик учун барча тўловни ўз муддатида тўлаб келган. Шундай бўлса-да, негадир туман газ таъминоти корхонаси томонидан унинг хонадонига 3 164 599 сўм қарздорлик ҳисоблангач, истеъмолчи Шеробод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Жамият мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида юқоридаги қарздорлик суммаси нореал тарзда ҳисобланганлиги маълум бўлди ва Т.Раҳимовага газ таъминоти корхонасидан қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома олиб берилди.