Тошкент вилояти. Истеъмолчи жамиятдан миннатдор

Қибрай тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти 2002 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, бугунги кунга қадар бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг бошидан жамиятининг янги таркиби иш бошлади. Аҳолини ёзма ва оғзаки мурожаатларини қабул қилиш жараёнида фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бирга бевосита истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Шу йилнинг аъзоларнинг умумий сони 3500 дан ошди. Бугунги кунга қадар истеъмолчилар томонидан 50 дан ортиқ шикоят, аризалар келиб  тушган. Туманда истиқомат қилувчи  икки юздан ортиқ фуқароларга соҳага оид маслаҳатлар берилди, аризачиларнинг шикоятлари ўрганилиб, тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига жўнатилди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 150 га яқин давра суҳбатлари, учрашувлар, ўқув семинарлари ташкил этилди.

Жамият томонидан тумандаги 1, 2, 14, 16, 19, 45, 48, 41- умумий ўрта таълим мактаблари 2, 3, 6, 24, 38, 43, 35-мактабгача таълим муассасалари, туман тиббиёт бирлашмаси, туман газлаштириш идораси, Агротижорат ва Байтқўрғон касб-ҳунар коллежлари билан узвий ҳамкорлик ўрнатилган. Улар томонидан берилгаётган эътирозли мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмоқда. Чунончи, Оққовоқ қишлоқ ҳудудидаги «Ёшлик» маҳалласи, 1-уй, 9-хонадонда яшовчи фуқаро Мунира Аҳмедова жорий йилнинг 14 мартида туман электрлаштириш корхонаси томонидан нореал қарздорлик ҳисобланганлиги ҳақида мурожаат қилган. Жумладан, 2014 йил 7 январда 11 миллион сўмлик, 2013 йил 22 январдаги 58/24-сонли далолатномада 54 496 сўм ундирилган ва такроран шу ҳолат бўйича 58/24-сонли далолатнома билан 980 942 сўмлик қарздорлик асоссиз қайд этилган. Ушбу ҳолат  Қибрай    туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилди ва масала истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.