Тошкент вилояти. Осмондан тушган қарздорлик…

Қибрай туманидаги 32-сонли мактаб ўқитувчи­ларининг фиғонлари фалакда. Нега дейсизми?!.  Туман газ идораси ходимлари томонидан бир эмас, икки эмас, нақ 12 нафар ходимнинг газдан қарздор эканлиги маълум қилиниб, ўз вақтида тўлаб қўйиш тўғрисида талабнома йўлланган. Педагоглар лол. Мактаб ишчи-ходимлари бўлмиш З. Асланова, Р. Зокирова, Г. Раҳимова, М. Турсунова, Н. Қосимходжаева, Х. Илхомова, Ё. Эшонова, М. Мирвалиева, А. Аҳмедова, М. Рузматова, Д. Хожиева, С. А. Эргашевларга 02.09.2017 йилда бирваракайига йўлланган талабномада ҳар бир ўқитувчи “миллионлаб сўмлик” газни ёқиб юборгану аммо бир сўм ҳам “тўламаган”лиги баён қилинган. Мутассади органларнинг имзоси билан келган бу талабнома “Осмондан чалпак ёғди” деса ишонадиган соддадил ўқитувчиларниям ҳайратда қолдирди. “Осмондан тушган” қарздорлик мавжудлигига ҳеч ҳам ишонмадилар.

Ходимларнинг мактаб директори Н. Усманходжаевага қилган мурожаатлари ижобий ечим топди­. Директор ташаббуси билан қарздорлик ҳолатини ўрганиб чиқиш тўғрисида Қибрай туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилишди. Жумладан, мактаб педагоглари бўлмиш З.Асланованинг 5 267 714.56 сўм, Р. Зокированинг 4 552 535.40 сўм, Г. Раҳимованинг 5 072 747.86 сўм, Н. Қосимходжаеванинг 4 248 434.71 сўм, А. Аҳмедованинг 5 195 387.10 сўм табиий газдан асоссиз қарздорликлари аниқланиб, мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. Шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик. Ёнариқ қишлоқ, Маданият маҳалласи, Дамариқ кўчаси, 156-хонадонда истиқомат қилувчи З. Аслановага берилган талабномада кўрсатилган ҳолат ўрганиб чиқилганда, унинг табиий газдан 1 500 000 сўм қарздорлиги аниқланди. Натижада 3 767 714.56 сўм нореал қарздорлик унинг ҳисобига ёзилганлиги маълум бўлди. Ёки Маданият маҳалласи, Гулбулоқ кўчаси, 12-хонадонда истиқомат қилувчи Г. Раҳимовага тақдим этилган талабномада 5 072 747.86 сўм қарздорлик кўрсатилган. Ўрганиш натижасида Г. Раҳимованинг табиий газдан ҳеч қандай қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланди ва далолатнома тақдим этилди. Бошқа ходимларнинг ҳам мурожаатлари ана шу тарзда ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.