Тошкент вилояти. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаган ҳолда…

Табиийки, бозорда, савдо шохобчалари, дорихона ва бошқа хизмат кўрсатиш муассасаларига деярли ҳар куни қандайдир масалада мурожаат қиламиз. Нималарнидир харид қилишимиз, турли тўловларни амалга оширишимиз бизни истеъмолчига айлантиради. Баъзида бу борадаги ҳуқуқларимиз бузилаётганига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Оққовоқ қишлоғидаги Сергели ва Ёшлик маҳалласи фуқароларидан жорий йилнинг январь ойида газ таъминоти бўйича эътирозли шикоят ариза келиб тушди. Қибрай тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан мазкур ариза асосида муаммо ўрганиб чиқилди. Натижада “Қибрайтумангаз” корхонаси мутахассислари жалб этилган ҳолда ушбу ҳудудда газ босими талаб даражасида кўтариб берилди. Байтқўрғон қишлоғидаги Нодирабегим кўчасида яшовчи Б.Раҳимов томонидан келиб тушган ариза мурожаатида эса ҳудуддаги чиқиндиларнинг ёқилиши ва эътиборсизлик оқибатида атроф-муҳитга зарар етказиланаётганлиги баён қилинган эди. Ўрганиш жараёнида туман тиббиёт бўлими раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда беш иш куни мобайнида муаммо бартараф этилди. Мисоллардан кўриниб турибдики, фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини тобора тўлиқроқ англаб, истеъмолчилик борасида ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Турли муаммоларга беэътибор ва лоқайд бўлмаганликлари учун жамият томонидан мазкур фуқароларга ташаккурномалар эълон қилиниб, маънавий рағбатлантириб борилмоқда.