Тошкент шаҳар. Буюртма кечиктирилгани етмаганидек…

    Учтепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Чилонзор тумани  20А мавзе, 11-уй, 7-хонадонда яшовчи Г.Каримованинг қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.  Истеъмолчи Катта Хирмонтепа кўчасида жойлашган “Муниса” ательесига кўйлак тиктириш учун буюртма берган, аммо бу буюртма ўз вақтида бажарилмаган.

    Истеъмолчининг тўй тадбирига тиктирган  кўйлаги икки ҳафтага кечиктирилгани етмаганидек тикиш жараёнида жиддий камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Бундан норози бўлган мижоз ижрочидан буюртмани қайтадан тикиб беришилишини талаб қилганида рад этилади.

    Г.Каримованинг мурожаати ўрганиб чиқилганида ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор талаблари бузилганлиги маълум бўлди. Аввало  ижрочи билан истеъмолчи ўртасида шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчи ўзининг ҳуқуқларини эсдан чиқармаслиги керак.

    Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.

    Шунингдек, агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

    Мана шу тартиб-қоидаларга асосланиб истеъмолчига етказилган зарар бартараф этилди, ателье ходимлари томонидан нуқсонлар бепул бартараф этилди.