Фаолият сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда ҳудудий тузилмаларининг 2016 йилнинг I ярим йилликдаги фаолияти якунларига бағишланган навбатдаги Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Кенгаши раиси Ж.Саримсоқов ҳисобот  даврида тизимда амалга оширилган ишлар, келгуси иш режаси ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда туман (шаҳар) жамиятларига  истеъмолчилардан жами 5392 та мурожаатлар келиб тушган. Мазкур ариза ва шикоятларнинг 4946 таси яъни, 91,7% ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами 2 188 300 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Ариза ва мурожаатлар – табиий газ таъминоти 1608 та (29,8 фоиз), савдо  1161 та (21,5 фоиз), электр таъминоти 859 та (15,9 фоиз), коммунал хизмат кўрсатиш  179 та (3,3 фоиз), сув таъминоти 187 та (3,5 фоиз), транспорт 87 та (1,6 фоиз), алоқа  112 та (2,1 фоиз), соғлиқни сақлаш  88 та (1,6 фоиз) ва 1111 та (20,6 фоиз)  бошқа соҳаларга тегишли бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил
28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2015 йил 22 декабрдаги буйруғи асосида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республика ҳудудида фаолият юритаётган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан аҳолига банк пластик карточкалари орқали савдо қилиш (иш ва хизмат кўрсатиш)нинг  ҳолатини ўрганиш бўйича аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилиб, унда турли ёшдаги 10629 тадан ортиқ респондент (истеъмолчи)лар иштирок этдилар. Мазкур сўровнома натижаларига кўра аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида маълумот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Давлат солиқ қўмитасига ва Марказий банкка тақдим этилди.

Кенгаш йиғилишида Навоий, Самарқанд,  Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудий бирлашмаларининг жорий йилнинг 1-ярим йиллигида олиб борилган ишлари (фаолияти) тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

 Шу билан бир қаторда, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий ва ўрта махсус таълими, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамиятлари, “Ўзавтойўл”, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниялари, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви, Республика Маънавият тарғибот маркази, Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастурлар асосида олиб борилаётган тарғибот ишларига  ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда федерация тизимида ташкил этилаётган ўқув семинарлари, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирларнинг оммавий ахборот воситалари – телевидение, радио, матбуот ва турли веб-сайтларда  мунтазам ёритилиб борилаётгани хусусида қайд этилди. Шунингдек, ташкил этилаётган маърифий тадбирларнинг таъсирчанлигини янада ошириш,  истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминоти ва темир йўл транспортидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий саводхонлиги юксалтириш мақсадида  тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот восита(плакат)лари тайёрланиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан нашр этилганлиги тўғрисида ахборот берилди.

Федерация халқаро миқёсда хорижий мамлакатлардаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, уларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги   илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида Халқаро даражадаги турли лойиҳа ва дастурларда иштирок этмоқда.

Ўтган давр мобайнида федерация Малайзия, Франция, Германия, Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея Республикаси, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларининг бир қанча миллий ва минтақавий ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг       2014 йил 11 июлдаги 190-сонли қарори ва 2016 йил 16 февралдаги 02/1-141-сонли топшириғига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Германия халқаро ҳамкорлик  жамиятининг (GIZ) техник кўмаги доирасида “Ўзбекистонда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш” лойиҳаси доирасида аниқ чора тадбирларни белгилаш юзасидан ўтказилган семинарларда мунтазам иштирок этилиб, тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

2016 йил январдан бошлаб, Халқаро истеъмолчилар ташкилоти-Consumers Internationalга аъзо бўлиш учун ушбу ташкилот раҳбарияти билан  музокаралар олиб бормоқда.

Ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Европанинг Германия, Венгрия, Болгария, Озарбайжон сингари мамлакатлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш борасида ёзишмалар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари

федерацияси Матбуот ва ахборот бўлими