Фарғона вилояти. Газета ўқигани фойда берди

Бағдод тумани Майловой қишлоғида яшовчи фуқаро Т.Ортиқова туман бозорида ўзи учун кузги аёллар оёқ кийими сотиб олганидан хурсанд ҳолда уйга келиб, уни оила аъзолари олдида кийиб кўрсатди ва оёқ кийимнинг ички қисмидаги нуқсонни яъни чап оёқ таг қисмида ноқулай бўртган жойи борлигини сезиб қолди. Сўнг, бозорда у пойабзалнинг ўнг қисмини кийиб кўрганлиги ёдига тушди ва афсусланди. Кейинги бозор куни сотувчига пойабзални олиб бориб кўрсатганида сотувчи алмаштириб беришдан бош тортди. Шунда бирдан куни кеча олиб келинган туман газетасида кўзи тушган битта саҳифа эсига тушди. Ушбу саҳифада Бағдод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисининг “Фуқаролар мурожаати ҳамиша эътиборда” номли мақоласида худди унга ўхшаган истеъмолчининг нуқсонли маҳсулотини жамият мутахассислари кўмаги билан алмаштириб берилганлиги ёритилган эди. Т.Ортиқова шу куннинг ўзидаёқ жамиятга бориб муаммоси юзасидан мурожаат қилди.

Фуқаронинг мурожаати юзасидан жамият мутахассиси ва буюм бозори ходими иштирокида кузатув ўрганув ишлари амалга оширилиб, сотувчида бошқа бундай фасондаги пойабзал бўлмагани сабабли харидорга унга тўлаган маблағи қайтарилди.

Сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун моддалари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талаблари тўғрисида тўлиқ тушунтирилди ҳамда келгусида бундай англашилмовчиликларга йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантирилди.