Фарғона вилояти. Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси таъминланмоқда

    Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчиларнинг электр, газ ва сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, савдо ҳамда бошқа соҳалардаги мурожаатлари Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб борилмоқда.

    Жумладан, шаҳар жамиятига К.Ёрматов кўчасида яшовчи фуқаро Б.Мирзаабдукодиров мурожаат қилиб, ўзи томонидан сотиб олинган шиферларнинг сифатсиз чиққанлиги тўғрисида мурожаат қилганди. Маълум бўлишича, истеъмолчи шиферларни сотиб олиб, томга қоқиши жараёнида шиферларнинг 44 таси, томга чиқариш жараёнида яна 7 таси, жами 51 донаси ёрилиб сифатсиз ҳолатга келган. Натижада истеъмолчи шаҳар жамиятига мазкур масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

    Истеъмолчи мурожаати мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи корхона вакили иштирокида ўрганилди ва ўрганиш жараёнида ёрилган шиферлар корхона томонидан бошқа сифатлисига алмаштириб берилди.

    Яна бир ҳолат. Шаҳарнинг А.Қодирий кўчасида яшовчи фуқаро У.Ходжиматов ўз мурожаатида уйида таъмирлаш ишларини олиб бораётганлиги, тадбиркор Х.Маматкуловга қарашли пластик эшик ва ромлар ясаб ўрнатиш шохобчасига хонадонидаги учта ромни пластик ромларга алмаштириш учун мурожаат қилганлиги, тадбиркор томонидан ромларнинг ўлчовлари олинганлиги, сўнгра тадбиркор ва фуқаро ўртасида юқоридаги ишларни тўлиқ амалга ошириш учун оғзаки равишда жами 3 млн сўмга келишув бўлганлигини, истеъмолчи бу пулларни хизмат кўрсатувчига берганлигини, лекин орадан 12 кун ўтган бўлишига карамай хизмат кўрсатувчи ишларни бажаришга киришмаётганлиги, истеъмолчи уйидаги таъмирлаш ишларини тугаллай олмаётганлиги, бу билан оғзаки келишув шартлари бузилаётганлиги тўғрисида мурожаат қилганди.

    Мурожаатни ўрганиш жараёнида тадбиркорга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари тушунтирилди. Натижада тадбиркор томонидан истеъмолчи У.Ходжиматовнинг 3 млн сўм пул маблағи қайтариб берилди.