Фарғона вилояти. Истеъмолчининг талаби қаноатлантирилди

Фарғона шаҳар, Ш.Рашидов кўчасида яшовчи А.Хамидованинг дўкондан сотиб олган  кабоб пишириш аппаратининг синиқ чиққанлигидан норози бўлиб ёзган аризаси Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилганда  аризада кўрсатилган фактлар ўз тасдиғини топди.

Аризада маълум қилинишича, А.Хамидова Фарғона шаҳар, Қиргули мавзесида фаолият юритувчи  “Фаровон кредит” савдо дўконидан “Аsalet” кабоб пишириш аппаратини сотиб олган, аппаратни уйга олиб борганида, аппарат спиралининг цилиндрсимон устки шиша қопламасининг таги синиқ эканлиги аниқланган. Ускунадан фойдаланишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли   истеъмолчи мазкур дўкон сотувчисидан аппаратни алмаштириб беришини сўраганида,  сотувчи истеъмолчининг қонуний  талабини бажармаган.

Ўрганиш давомида “Фаровон кредит” савдо дўкони сотувчиси М.Махамадраҳимов аппарат спиралининг цилиндрсимон устки шиша қопламасининг таги синиқ эканлиги тўғрисидаги истеъмолчининг эътирозини тан олиб, бу қопламани  алмаштириб, бутлаб, ишлатиб, аппаратга тегишли барча ҳужжатларини расмийлаштириб истеъмолчига топширишни ёки аппаратни ўрнига бошқа маҳсулот беришини маълум қилди.

Аппаратни бутлашнинг имкони бўлмаганлиги сабабли сотувчи томонидан    А.Хамидованинг розилиги билан “Аsalet” аппаратини нархига тенг бўлган гўшт қиймалагич ва термос  берилди.