Фарғона вилояти. “Истеъмолчи бурчаги”нинг фойдаси

Бағдод шаҳарчасида яшовчи фуқаро М.Сулаймоновани коммунал тўловларини ҳар ойда нафақа пулидан тўлаб борганлиги сабабли электр энергияси ҳисоб-китобидан хавотири йўқ эди.  Бир куни туман электр ходими келиб ҳисоблагичини кўриб, қайта ҳисоб-китоб қилди ва 1 300 000 сўм қарздорлиги борлигини айтганида М.Сулаймонованинг хуши бошидан учди. Шу кунининг ўзида электр таъминоти корхонасига ҳисоб-китоб дафтарларини олиб борди, бироқ бу ердаги ходимлар ҳам унинг қарздорлигини тасдиқлашди. Қон босими ошиб кетганлиги сабабли, дори олиш учун дорихонага кирди, навбат кўплигидан дорихона деворига илинган кўргазмаларни ўқишга тутинди. Бирдан “Истеъмолчи бурчаги” деган деворий кўргазмага кўзи тушиб, ундаги “Истеъмолчи сифатида ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда ЎИҲҲҚЖ Федерациясининг ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин” деган ёзувни кўриб кўнгли бироз кўтарилди ва чиқмаган жондан умид деб, мазкур телефонга мурожаат қилди ва ўзини қийнаётган муоаммоси бўйича фикрини билдирди.

М.Сулаймонованинг оғзаки мурожаатида кўрсатилган ҳолатни ўрганиш юзасидан Бағдод туман жамияти ходимлари ва электр таъминоти корхонаси ҳуқуқшуноси ҳамда аризачи М.Сулаймоновалар иштирокида мурожаат ўрганилганида истеъмолчи 2005 йилда электрон ҳисоблагич ўрнатган, лекин корхона ходимининг айби билан наряд асосида ПК-ҳисоб дастурига киритилмай қолган, натижада дастурда ҳанузгача эски СО2 маркали индукцион эски ҳисоблагичда турганлиги аниқланди. Фуқаронинг электр ҳисоблагичи охирги кўрсатгичи 43129 кВт электр энергия истеъмол қилганлиги, охирги тўлов кўрсатгичи 41905 кВтгача амалга оширганлиги, орадаги фарқ 1224 кВт бўлиб, ҳозирги тарифга кўпайтирилганида 250 063 сўмни ташкил этиши аниқланди. Бундан хулоса шуки, истеъмолчининг қарздорлиги аслида 1 300 000 сўм эмас 250 063 сўм эканлиги аниқланди.

Ҳолат бўйича истеъмолчининг ҳисоблагичи наряд асосида ПК-ҳисоб дастурига киритилди ва умумий қарздорлик 250 063 сўм эканлиги аниқланди ҳамда истеъмолчи томонидан шу куннинг ўзида тўлов амалга оширилиб, қарздорлик бартараф этилди. Нореал ҳисобланган 1 049 937 сўм истеъмолчининг ҳисобидан чиқарилди.

Корхона ходимларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун моддалари ва бошқа меёърий ҳужжатлар талаблари тўғрисида тўлиқ тушунтирилди ҳамда келгусида шундай англашилмовчиликларга йўл қўймасликлари тўғрисида огоҳлантирилди.