Фарғона вилояти. Истеъмолчи ҳуқуқлари тикланди

    Бувайда тумани Жалоер МФЙ Жалоер қишлоғида яшовчи М.Шодиева туман буюм бозоридан ўзи учун кўйлак сотиб олган. Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг сотиб олган кийими номақбул сифатда эканлигини билиб, уни сотувчидан мақбул сифатлисига алмаштириш ёки тўлаган пулларини қайтариб беришини сўраган. Сотувчи истеъмолчининиг қонуний талабларини бажармаган. Ушбу ҳолат бўйича истеъмолчи бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, Бувайда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

    Фуқаро мурожаати амалдаги қонунларга асосан мутахассислар томонидан ўрганилганда, ҳақиқатда ҳам истеъмолчи ўзи учун 240 000 сўмга сотиб олган кийими нуқсонли эканлиги маълум бўлди.

    Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари, амалдаги қонун-қоидалар тушунтирилиб, тарғибот ишлари олиб борилгандан кейин сотувчи ўз ихтиёри билан истеъмолчининг хоҳишини инобатга олиб, нуқсонли товарни сифатлисига алмаштириб берди. Истеъмолчи бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилганлиги учун туман жамиятига ўз миннатдорчилигини билдирди.