Фарғона вилояти. Кир ювгич кир ювмас экан…

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасига кўра, “Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш, хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар”.

Шунингдек, мазкур модданинг бешинчи қисмига кўра, “Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт”.

Хўш, барча истеъмолчилар ҳам, сотувчилар ҳам мазкур талаблардан тўлиқ хабардорми?                                           Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Рухшона Алимованинг шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига истеъмолчи сифатидаги ҳақ ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги аризаси келиб тушди. Унда кўрсатилишича, шаҳардаги маиший техника буюмлари савдоси билан шуғулланувчи савдо дўконларининг биридан кир ювиш машинасини 780 000 сўмга сотиб олган.  Кейинчалик, машинадан фойдаланиш жараёнида, техниканинг зарурий қисмларидан бири йўқлиги маълум бўлгач, сотувчидан аниқланган камчиликни бартараф қилишини сўраган. Сотувчи эса муаммони бартараф қилиш ўрнига, турли хил баҳоналарни рўкач қилиб келган. Мурожаат юзасидан ўрганув ишлари ўтказилиб, истеъмолчи билдирган эътирозлари ўринли эканлиги маълум бўлди. Сотувчига қонун талабалари бўйича берилган тушунтиришлар кор қилиб, кир ювиш машинасини бошқа сифатлисига алмаштириб беришни маъқул кўрди. Нархлардаги тафовут эса сотувчидан истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.