Фарғона вилояти. Мулоқотлар – инсон манфаатларига хизмат қилмоқда

    Мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали механизмларини жорий қилиш орқали одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти томонидан Фарғона вилоятида аҳоли билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

     Федерация вакиллари томонидан ўтказилган мулоқотлар жараёнида, Қува туманининг Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Дилоромхон Қурбонова ва Умиджон Каримовларнинг хонадонига ташриф буюрилди. Федерация раҳбариятининг ташаббуси билан, мазкур оилага озиқ овқат маҳсулотлари ажратилди.

    Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқо мат қилувчи Ахроржон Охунов билан ўтказилган мулоқот жараёнида у косибчиликка қизиқишини, ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчилигини, аммо маблағи етарли эмаслигини маълум қилди. Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқовнинг ташаббуси билан Ахроржонга мустақил иш бошлаши учун косибчилик тикув дастгоҳи совға қилинди. Эндиликда Ахроржон ёш тадбиркор сифатида юртимиз равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.

    2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш юзасидан Федерация вакилларининг Риштон тумани ва Марғилон шаҳар ҳокимлари билан учрашувлари ўтказилди.

    Учрашувлар давомида ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, туманда фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари фаолиятини самарали  ташкил этиш юзасидан қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.