Фарғона вилояти. МУРОЖААТНИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ

 

“Яқинда уйимга электр таъминотига масъул бўлган ходимлар келиб, электр энергиясидан 637 минг сўмдан зиёд қарзим борлигини айтиб, бу қарздорликни тезда бартараф қилишим тўғрисида огоҳлантириш беришди,  – дейилади Кўк-дўппи қишлоғида яшовчи О.Султонованинг мурожаатида. – Бу ҳолдан хайратдан ёқа ушладим, чунки мен электр учун тўловларни олдиндан ортиғи билан тўлаб бораман.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида туман электр таъминоти корхонасига бориб, электр ҳисоблаш прибори кўрсаткичи ПК электроҳисоб дастурига  ҳудуд бўйича назоратчи томонидан нотўғри киритилганлиги оқибатида менга нисбатан нореал қарздорлик юзага келганлигини аниқладим. Шунга қарамай, корхонанинг масъуллари томонидан мурожаатим ижобий ҳал қилинмади. Ушбу муаммони ҳал қилишда ёрдам беришингизни сўрайман.”

Фуқаронинг ушбу мурожаати Фурқат туман жамияти ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда чиндан ҳам истеъмолчининг электр энергиясидан қарзи йўқлиги, унинг ҳисобига нотўғри кўрсаткич киритиб қўйилганлиги аниқланди. Ўрганиш якунида фуқаро О.Султоновага нисбатан келиб чиққан 637 071 сўм миқдоридаги нореал қарздорлик унинг ҳисобидан чегирилди ва 118 085 сўм ҳақдорлиги мавжуд эканлиги ойдинлашди.

Бу каби ҳолатни яна икки фуқаро – Ҳайит қишлоғида яшовчи Ғ.Зохидов ва Ҳамраобод қишлоғида яшовчи А.Манноновларнинг аризаларида ҳам кўриш мумкин. Уларнинг мурожаатларини ўрганиш натижасида Ғ.Зохидовга нисбатан 210 736 сўм, А.Манноновга 449 881 сўм нореал қарздорлик ҳолати ПК электроҳисоб дастурига нотўғри кўрсаткич киритилганлиги оқибатида келиб чиққанлиги аниқланиб, ўрганиш якунида ушбу нореал қарздорлик суммалари истеъмолчиларнинг ҳисобидан чегирилди.