Фарғона вилояти. Мусобақа 400 нафар уюшмаган ёшларни қамраб олди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг 2017 йил иш режасига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишлаб Данғара туманидаги маҳаллаларнинг уюшмаган ёшлари ўртасида волейбол мусобақаси ташкиллаштирилди.

Мусобақа Данғара туманидаги маҳаллаларнинг 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшларидан иборат жами 48 та МФЙлари кесимида ўтказилиб,  унда 400 нафар уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Шундан сўнг  Данғара Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида мусобақанинг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда жами 7 та команда иштирок этиб, “Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғини ёшларининг қўли ҳаммадан баланд келди ва улар фахрли биринчи ўринни эгалладилар. “Аравон” ва “Мулкобод” МФЙлар командалари  эса иккинчи ва учинчи ўринларни забт этишди.

Мазкур волейбол мусобақаси якунида ғолиблар  Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фахрий ёрлиқлари, ҳудудий бирлашма ҳамда Данғара туман жамияти томонидан ажратилган эсдалик совғалар, эгаллаган ўрнини билдирувчи медаллар билан тақдирланишди.

Шунингдек, Данғара туман ҳокимлиги, Ўзбекистон либерал демократик партияси вилоят кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан ҳам  мусобақа қатнашчиларига совғалар тақдим этилди.