Фарғона вилояти. Нореал қарздорлик бартараф этилди

Бағдод шаҳарчасида яшовчи фуқаро М.Эрғозиева бир неча ўн йилдан буён марказдаги мактабгача таълим муассасасида ёш авлодга тарбия бериб келади. Коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб келганлиги сабабли бу борада муаммо йўқ деб ўйларди. Бироқ, бир куни унга туман ЭТК ходимининг электр энергиясидан 2 000 097 сўм қарздорлиги борлиги ва ушбу қарздорликни ўз муддатидан кечиктирмасдан тўлаб қўйиши, акс ҳолда тармоқдан узиб қўйиб жаримага тортилиши тўғрисида айтган гапидан карахт ҳолга келиб, бу қарздорликни қандай мавжуд бўлганлигига аниқлик киритиб беришликни сўраб, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан туман жамияти ходимлари туман электр таъминоти корхонаси мутахассиси ҳамда корхона ҳуқуқшуноси иштирокида ҳолат ўрганилганида истеъмолчи хондонидаги ҳисоблагич кўрсаткичи 9695 кВт бўлиб, охирги тўлов кўрсаткичи 9675 кВтгача амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Бундан шу нарса маълум бўлдики, истеъмолчи 2008 йилда электрон ҳисоблагич ўрнатган, лекин наряд асосида ПК-ҳисоб дастурига киритилмай қолган, натижада дастурда ҳанузгача эски СО2 маркали индукцион эски ҳисоблагичда турганлиги аниқланди. Ҳолат бўйича истеъмолчининг ҳисоблагичи Қўқон синов сертификатлаштириш марказидан кўрикдан ўтказилиб, наряд асосида ПК-ҳисоб дастурига киритилди ва камчиликлар тўлиқ бартараф қилинди.

Шу кунги аниқ ҳисоб-китоб бўйича истеъмолчи корхона ходими ҳисоблаганидек 2 000 097 сўм эмас аслида 4086 сўм қарздор эканлиги аниқланди ва 1 996 011 сўм нореал қарздорлик эканлиги маълум бўлиб, истеъмолчи фойдасига ҳал этилди ва ҳисобдан чиқарилди.